Bosh sahifa Karmana tumani “Қизилқумцемент” АЖга ишга киритаман деб 1200 АҚШ доллар пора олган фуқаронинг жинояти...

“Қизилқумцемент” АЖга ишга киритаман деб 1200 АҚШ доллар пора олган фуқаронинг жинояти маҳалладошлари орасида муҳокама қилинди

0

Бугун, 15 январь куни жамоатчилик иштирокида Кармана туманидаги “Бешкент” маҳалла фуқаролар йиғинида мазкур маҳалла фуқароси томонидан содир этилган жиноят муҳокама этилди.

5-сонли мактаб фаоллар залида ўтказилган йиғилишда маҳалла фаоллари, ички ишлар идоралари ходимлари қатнашди.

Йиғилишда айтилишича мазкур жиноят ўтган йилнинг декабрь ойида содир этилган. Ишга кириш илинжидаги кишининг муддаоси амалга ошмагач у пулни қайтариб олиш учун ички ишлар идорасига, сўнгра прокуратура органларига мурожаат қилган.

Аввалига пора олганини рад этиб келган бешкентлик фуқаро 11 январь куни олган пулларининг 200 минг сўмини қайтраётган вақтда қўлга олинган.

Йиғилишда жиноят содир этган шахснинг ўғли иштирок этди.

Муҳокама жараёнида шунингдек, кўплаб фуқаролар Навоий шаҳри ёки Кармана тумани ҳудудида ишлаш мақсадида мазкур маҳалладаги хонадонларда рўйхатда туриб, ҳақиқатда бу ерда яшамаслиги ҳолатлари ҳам танқид қилинди. Жумладан, айрим хонадонларда 10 ҳатто 18 кишигача рўйхатда туриб, аслида у ерда 5-6 нафар фуқаро яшайди, холос?

Бу омил маҳаллада жиноятлар кўпайишига ҳам олиб келмоқда. Жумладан, 2017 йил давомида “Бешкент”да 27 та жиноят бўлиб ўтган. Бу Кармана тумани маҳалларидаги энг салбий ҳолат саналади.

Йиғилишда аҳоли томонидан айрим нотинч оилалар юзасидан ҳам кенг муҳокамалар олиб бориш таклифи билдирилди.