Bosh sahifa Jamiyat Қизилтепада бир куннинг ўзида 250 нафар фуқарога уй-жойга эгалик ҳуқуқи берилди

Қизилтепада бир куннинг ўзида 250 нафар фуқарога уй-жойга эгалик ҳуқуқи берилди

0

«Ғардиён» ота-бобом қишлоғи, аммо ундаги маконимни Президентим менга умрбодга мерос қилиб берди, дейди 80 ёшли отахон Умарқул Норқулов кўзига ёш олиб. Чиндан, Президент фармони билан эълон қилинган бир марталик умумдавлат акцияси ноқонуний уй-жой қурган фуқароларга берилган бебаҳо туҳфа бўлди. Акция тугашига саноқли кунлар  қолган бўлсада, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларнинг сони ортиб бормоқда.

Шу кунларда Навоий вилоятида Вазирлар Маҳкамасининг 461-сонли қарори ижроси юзасидан  барча туманларда Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан оммавий анжуманлар ташкил этилмоқда. Бу  тадбирларда 200-250 нафаргача фуқароларга  ўзбошимчалик билан қурган уй-жойларига мулк ҳуқуқини берувчи туман хокимларининг қарорлари топширилмоқда. Шундай тадбир Қизилтепа туманида ҳам ўтказилди. 250 нафар қизилтепаликлар 20-апрель куни уй-жойларига эгалик қилувчи ҳужжатга эга бўлганларидан мамнун.

photo_2019-04-20_19-02-02

Кўп қатори тадбирда Умарқул ота ҳам иштирок этди. Барчани бир муаммо бирлаштирган анжуманда ёшу кексанинг ҳаяжони чексиз бўлди. Ташвишлар ариди. Тўғриси, аҳолига мазкур давлат хизматини кўрсатган  Қизилтепа туман ДХМ ходимларининг саъй ҳаракати эътирофга лойиқ. Боиси, аҳолидан 1568 дан ортиқ мурожаат келиб  тушган булса, шундан аризаларнинг 400 дан ортиғи уйма-уй юриб олинган. Айни кунда 593  нафар фуқаронинг  ўзбошимчалик билан қурган уйига қонуний мулкдорлик мақоми берилди.

photo_2019-04-20_19-01-56

Олинган маълумотларга кўра, туманда кўп йиллар давомида юзлаб фуқаролар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларида якка тартибдаги турар жойларни ноқонуний равишда қуриб олишгани жиддий ва ечимталаб муаммо. Чунки, турар жойларга ҳужжатларнинг йўқлиги аҳолида бошқа ижтимоий муаммоларни келтириб чиқариши табиий. Яшаётган жойи бўйича пропискага қўйиш, мол-мулкка бўлган ҳуқуққа эга бўлиш ва уни сотиш имконсизлиги каби масалалар шулар жумласидандир. Тадбирда аҳоли томонидан қилинган мурожаатларга Давлат хизматлари агентлигини Навоий вилояти бошқармаси раҳбарлари ва мутахассислари ҳуқуқий тушунчалар берилди.

Абдумалик ЭРГАШЕВ, Қизилтепа тумани ДХМ ходими.