Bosh sahifa Jamiyat Қизилтепалик фермер 10 кунда пахта режасини уддалади

Қизилтепалик фермер 10 кунда пахта режасини уддалади

0

Қизилтепа туманининг Ўртачўл ҳудудида ғўза бошқа туманларга қараганда эрта етилади. Бу йил ҳам шундай бўлди. Ўн иш кунида шартномавий режани ортиғи билан бажариб, эл-юрт олдида юзи ёруғ бўлган “Валиобод”, “Аҳад бобо”, “Бирдамлик” фермер хўжаликлари пахта пунктларига йиғиштирилган ҳосилни пешма-пеш етказиб берди.

— 31,3 гектар ерга пахтанинг “Бухоро-6” навини қадаб, режада кўрсатилган 76,6 тонна ўрнига 80 тонна ҳосил йиғиштириб кластер ҳамкоримиз “Бахт-текстиль” масъулияти чекланган жамиятига етказиб бердик, – дейди “Валиобод” фермер хўжалиги раиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Р. Валиева. – Ҳукуматимиз томонидан фермерларга яратиб берилган шарт-шароитлар, кластер усулининг жорий этилгани ер эгаларининг оғирини енгил қилди. Техника ва минерал ўғитлар ўз вақтида етказилиб, суғориш ишлари намунали олиб борилди. Натижада хўжалигимиз ишчиларининг фидокорона меҳнати билан режалар тўла уддаланди. Шунингдек, 60 нафар ҳашарчиларимиз ўз ихтиёри билан теримда иштирок этиб, бизга яқиндан кўмак беришди. Терим пуллари уларга ўз вақтида тарқатилди.

Ўртачўлдаги 100 га яқин фермер даласида ҳосил ҳали мўл. Уни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай йиғиштириб олиш борасида жадал ишлар олиб бориляпти.