Bosh sahifa Jamiyat Йил бошидан буён Навоий вилоятида қарийб 1500 та никоҳ қайд этилди

Йил бошидан буён Навоий вилоятида қарийб 1500 та никоҳ қайд этилди

0

Халқда шундай гап бор. Кўчада тинчи йўқ одамнинг бир кун, уйида тинчи йўқ одамнинг умрбод ҳаловати бўлмаскан. Аслида оилалардаги ҳамжиҳатликни асраш асосан оила бошлари, эр ва хотин зиммасида. Тўғриси, бу мавзу хўп эски. Аммо, ажримлар сабаб кун ора тилга олинаётган ижтимоий муаммо-да. Энди оилалардаги ҳаловат хусусида. 

Навоий вилоятининг Конимех туманида яшаётган Лиза Қудайбергенова ва Жавлон Ҳайруллаевлар шу ҳаловатни иккинчи маротаба оила қуришганида топишди. Бироқ, негадир эътиборсизлик қилиб, никоҳдан ўтишмади. Орадан вақт ўтиб, чақалоқ дунёга келди. Бугун эса ота онанинг хурсандчилиги чексиз. Фарзандига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун Конимех тумани ФҲДЁ бўлимига ташриф буюришди. Туман ФҲДЁ бўлими мудираси Дилбар Ҳусенова ёшларга никоҳ гувоҳномасисиз фарзандига туғилганлик ҳақидаги ҳужжатни олишнинг имкони йўқлигини тушунтирди. Оталик ҳуқуқини белгилаш орқали болага “метрка” берилишини айтди. Белгиланган муддатда қонунларга риоя этилган ҳолда мудира эр-хотинни ҳам никоҳдан ўтказди, ҳам фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани топширди. 

Халқ таъбири билан айтадиган бўлсак, фуқаролар фарзандига қўйидаги сабаблар туфайли метркаларни ўз вақтида ололмас эканлар. Ота-онанинг эътиборсизлиги ёки масъулиятсизлиги, шахсини тасдиқловчи ҳужжат, паспорти йўқлиги ёки амал қилиш муддати тугаганлиги, оилавий шароит ёки иқтисодий имкониятлари билан боғлиқ бўлган сабаблар, туғилишни қайд этиш учун ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганлиги, ота-она қонуний никоҳда бўлмаганлиги, туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотноманинг йўқлиги ёки йўқотилганлиги, боланинг онаси бошқа шахс билан қонуний никоҳда турганлиги боис ФҲДЁ идораларида муддати ўтган туғилганликни қайд этиш ҳаракатлари амалга оширилмоқда.  

Бугун Давлат хизматлари Агентлиги тизимига кирган Фуқаролик ҳолатлари далолатнома ёзиш идораларига мурожаат қилаётган аҳолининг аксарияти кўрсатилаётган сифатли хизматдан мамнун… Келинг рақамларга мурожаат қиламиз. Навоий вилоятида жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра 1441 та никоҳ қайд этилган бўлса, унинг 61 таси Конимех туманида расмийлаштирилган. Пандемия даврида ҳам аҳоли мурожаатларига карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда 4 ҳолатда юридик ҳужжатлар тақдим этилаётгани эътиборга молик.

 Мурожаатчи Роҳатой Ашурова жиянига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун туман ФҲДЁ бўлимига келганида кўрсатилган хизматдан хурсанд бўлди. Чунки, туманда ФҲДЁ бўлими Давлат хизматлари маркази биносида жойлашган. Тўлов қилиш учун банк кассаси ҳам шу бинонинг ўзида ишлаб турибди. Энг асосийси, суюнчи пули олиш учун шундоққина марказнинг ўзидан мурожаат ташланиб, 5 дакика ичида  банкдан пул олиш учун йўлланма берилмоқда. Бу нимани англатади… Бугун тизимда Давлат хизматлари марказлари орқали хизмат кўрсатиш тартиби композит тарзда босқичма-босқич жорий этилаётгани мурожаатчиларни ҳам қувонтирмоқда. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра Навоий вилоятида 8419 та туғилиш ҳолати расмийлаштирилган бўлса, туғилиш ҳақидаги гувоҳномаларнинг 282 таси Конимех тумани ФҲДЁ бўлими томонидан берилган. Энг асосийси, бугун тизимга ажратилган техник имкониятлар сабаб тизим рақамлаштирилмоқда. Аввал қўлда тўлдирилган никоҳ, туғилиш, ўлим гувоҳномалари энди автоматик тарзда махсус принтерлар орқали чиқарилмоқда.    

Хуллас, ФҲДЁ тизими кундан кунга такомиллашади. Ҳали туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, фуқароларимиз биргина ариза юбориш билан  6 та хизматдан фойдаланиши мумкин бўлади. Суюнчи пули олиш, яшаш манзилига ва поликлиникага руйхатга қўйиш, боғчаларга навбатга қўйиш сингари хизматлар бир жойнинг ўзида амалга оширилади.

ДХА Навоий вилояти бошқармаси ахборот хизмати.