Bosh sahifa Jamiyat Йил якунига қадар Карманада 10 та нодавлат ва 7 та оилавий янги...

Йил якунига қадар Карманада 10 та нодавлат ва 7 та оилавий янги боғчалар иш бошлайди

0

Кармана туманида 25 та давлат, бешта давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти, учта нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда еттита оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бормоқда.

Жорий йилнинг 1 июнигача битта давлат мактабгача таълим ташкилоти, учта нодавлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиб фойдаланишга топширилди.

Ҳозиргача туманимизда мактабгача ёшдаги 3-7 ёшли болалар 10017 нафарни ташкил этади. Уларнинг 4212 нафари, яъни 42 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган.

Масалага кенгроқ қарайдиган бўлсак, жорий йил охиригача яна 10 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ва 7 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қуриб ишга тушириш режалаштирилган.

Мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдек долзарб вазифага алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим муассасалари вазирлиги тўғрисидаги Низомни ҳамда Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти уставини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бизга дастуриламал бўлмоқда. Шу асосда 61 нафар олий маълумотли педагог қайта тайёрлаш курсларида ўқитилиб, иш билан таъминланди.

2018-2019 йилларда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларига чет тилларни ўргатиш мақсадида рус тили ва инглиз тили ўқитувчилари штат бирликлари ажратилди ва тажрибали мутахассислар билан таъминланди. Шу жумладан, мактабгача таълим муассасаларимизда тарбияланаётган нутқида нуқсони болалар учун дефектолог штат бирликлари ажратилди. Натижада барча муассасаларда дефектологлар фаолият юритмоқда.

Мактабгача таълим ташкилотларида 2017 йили тўртта МТМда саккизта қисқа муддатли гуруҳ ташкил этилган бўлиб, уларга 148 нафар бола қамраб олинган эди. Бугунги кунда эса 12 та МТМда 30 та қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилиб, уларда 550 нафар бола икки сменада таълим-тарбия олмоқда.

Хориж тажрибасидан андоза олиб ижодий ёндашилган ҳолда амалиётга татбиқ этиш, замон талабларига мос равишда меъёрий ҳужжатлар, ўқув-методик адабиётлар, методик мажмуаларни ишлаб чиқиш, илғор хорижий тажриба асосида мактабгача таълим муассасаларининг раҳбар ва мутахассисларининг замонавий менежмент ва педагогик технологиялар бўйича соҳага оид билим ва кўникмаларини шакллантириш кўзда тутилган.

2018 йилда давлат бюджети ва ўз маблағи ҳисобидан 38 нафар олий маълумотли мутахассис қайта тайёрлаш (30 нафари тўрт ойлик,  саккиз нафари олти ойлик) курсларида ўқитилиб ишга жойлаштирилди. Натижада олий маълумотли педагоглар улуши 25,6 фоиздан 47,1 фоизга ошди. Жорий йил охиригача ушбу кўрсаткични 56,3 фоизга етказиш мақсадида иш олиб бораяпмиз.

Мактабгача таълим вазирлигининг махсус қарори, кўрсатмалари асосида “Илк қадам” давлат ўқув дастури ижроси ҳам фаолиятимизда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Ўқув дастури асосида семинар ташкил этилиб, педагог-тарбиячиларга тушунчалар берилмоқда.

Жорий йил 17 май куни “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди. 2-МТМ тарбиячиси Мақсуда Тошмуродова, 22-МТТ тарбиячиси Шаҳноза Мавлонова, 6-МТТ тарбиячиси Чарос Маматовалар тадбирнинг вилоят босқичида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллашди. 10-25 май кунлари мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагогларнинг иш фаолияти ўрганилиб, рейтинг тизими бўйича холисона баҳоланди. Ғолиблар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шу билан бирга жорий йил март ойида ташкил этилган “Мактабгача таълим фаолиятини такомиллаштириш: инновация ва истиқболлар” мавзусидаги республика илмий-амалий семинарида 17-МТТ психологи Моҳигул Рамазонова, 2-МТТ тарбиячиси Мақсуда Тошмуродовалар иштирок этишди ва уларнинг мақолалари республика илмий-амалий конференциясининг 2-китобида чоп этилди.

Ибратли натижаларга эришаётган тарбиячиларнинг иш тажрибалари туман миқёсида оммалаштирилмоқда. Бутун фаолиятимиз замон талаблари асосида ташкил этилаётганлиги эртанги кунимизнинг янада самарали бўлишини таъминлайди.

Н. ХАЛИЛОВА, туман мактабгача таълим бўлими мудири.