Bosh sahifa Yangiliklar Йил якунигача Навоий вилоятидаги қўшимча қиймат солиғи тўловчи корхоналар сони мингдан ошади

Йил якунигача Навоий вилоятидаги қўшимча қиймат солиғи тўловчи корхоналар сони мингдан ошади

0

Солиқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги амалий ишларни сифат нуқтаи-назаридан янги босқичга чиқаришда муҳим омил бўлаётир.

Навоий вилоятида ҳам мазкур фармон ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда фармоннинг мазмун-моҳиятини аҳоли, тадбиркорлар ва фермер хўжалиги раҳбарларига етказиш мақсадида учрашув ва мулоқотлар ташкил этилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Навоий вилоят давлат солиқ бошқармасида кўргазмали семинар тарзида ташкил этилди. Тадбирда соҳадаги  ўзгаришлар тўғрисида кўргазмали слайдлар, тарқатма материаллари ҳамда стендлар ёрдамида батафсил тушунтиш берилди.

Мазкур фармон билан бир қатор ўзгаришлар жумладан, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб товарларни сотишдан келган тушумнинг миқдоридан қатъи назар, бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади.

Вилоятда жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб 67 та бензин, дизель ёқилғи қуйиш билан шуғулланувчи корхоналар қўшилган қиймат солиғига ўтади. Шунингдек, фармонга мувофиқ, айни пайтда қўлланилаётган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар 2019 йил 1 октябрдан бошлаб бекор қилиниши ички бозорда тенглик ва соғлом рақобат муҳитини яратишда муҳим омил бўлмоқда.

– Президентимизнинг мазкур фармони билан қўшилган қиймат солиғи занжирини мустаҳкамлашга эришилди, – дейди “Навоий-ишонч-гилам”  қўшма корхона хисобчиси Шерзод Турсунов. – Энг муҳими, маҳсулот таннархининг тушиши кузатилади. Масалан, корхонамиз томонидан  жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида 2,5 миллиард сўмлик маҳсулот ҳисобидан 70 миллион сўм қўшилган қиймат солиғи тўланган бўлса, эндиликда мазкур ҳуқуқий асос билан солиқ юкининг камайиши фаолиятимиз ривожига хизмат қилади.

Фармон талаблари бўйича 2019 йилнинг 1 октябрь ҳолатига қўшилган қиймат солиғи тўловчиларининг сони вилоятда 996 тага кўпайиши кутилмоқда, яъни соҳалар бўйича ёқилғи етказиб берувчилар ҳисобига 67 тага, фермер хўжаликлари ҳисобига 781 тага ҳамда импартёрлар ҳисобига 148 тага ошиши кутилмоқда.

Вилоятнинг Қизилтепа туманида ташкил этилган тадбирда ҳам 300 нафар иштирокчи қатнашиб, фармоннинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.

Нуриддин РАҲИМОВ, Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи.