Bosh sahifa Yangiliklar “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси — 2018”: қимматбаҳо совға эгаси Навоий шаҳрида...

“Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси — 2018”: қимматбаҳо совға эгаси Навоий шаҳрида аниқланади

0

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ўтказилган “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси — 2018” кўрик-танловининг вилоят босқичида 10 нафар иштирокчи қатнашди.

Ҳакамлар ҳайъати баҳолаш жараёнида маънавият тарғиботчиларининг миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар бўйича фаолиятига доир дастурлари, режалари, ўтказаётган тадбирларининг савияси, нутқий маҳорати ва оммавий ахборот воситаларидаги фаоллигига алоҳида эътибор қаратди. Натижаларга кўра, Навоий давлат педагогика институтининг “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири, фалсафа фанлари доктори, профессор Нигора Сафарова олий ўринга сазовор бўлиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

— Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган замонда маънавиятимизни, миллий менталитетимизни асраш муҳим вазифалардан бирига айланди, — дейди танлов ғолиби Н. Сафарова. – Айниқса, ёшлар орасида тарғибот ишларини кучайтириш жамиятимизда маънавий соғлом муҳитни қарор топтиришнинг асосий шартидир. Фаолиятимизда бу каби долзарб масалаларга ечим топа олсак, тўғри йўлни танлаган бўламиз.

Шунингдек, турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур нуфузли кўрик-танловнинг республика босқичи ҳам 17 август куни вилоятимизда ўтказилиши кўзда тутилган. Биринчи ўрин соҳибига қимматбаҳо совға – автомашина берилиши мумкин.

Нигора Рўзиева.