Bosh sahifa Mualliflardan Кадастр қийматига ўтишнинг афзаллиги нимада?

Кадастр қийматига ўтишнинг афзаллиги нимада?

0

Мамлакатимизда ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш, таъсирчан назоратни таъминлаш ва ер ресурслари, давлат кадастри соҳасида муносабатларни комплекс тартибга солишда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Ер ресурсларини тизимли ҳисобга олиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш, давлат кадастрларини тартибга солиш, Ўзбекистон Республикаси картография фондини такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури доирасида ер қонунчилигига риоя этиш юзасидан доимий мониторинг қилиш тизими ишлаб чиқилди ва жорий қилинди. Кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш ишлари ташкил этилди. 21 та давлат кадастрлари интеграциялашувини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Миллий геоахборот тизимини ташкил этиш ишлари бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги «Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 декабрдаги “Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг, турар жой фондининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг, турар жой фондининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги Низом қабул қилинди ва Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк қийматини ҳисоблашнинг соддалаштирилган усули ишлаб чиқилди. Яъни, жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг солиқ солинадиган қиймати ҳақидаги ахборотни интерактив режимда олиш имконини берадиган дастурий маҳсулот тайёрланди. Фуқаролар томонидан кадастр хужжатларини расмийлаштириш жараёнида кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотлар тўғридан тўғри дастурий маҳсулотга киритилган ҳолда кадастр қиймати ҳисоблаб чиқарилади ва ҳудудий солиқ хизмати органларига электрон тарзда юборилади ҳамда интеграциялашуви таъминланади.

Жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматлари низомга асосан ҳисоблаб чиқарилади.

Хусусан, жисмоний шахслар мол-мулкини баҳолаш бўйича органлар белгиланган кадастр қиймати бўлмаса солиқ ҳисоблаш учун вилоят марказларида 210 миллион сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда
90 миллион сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати белгиланди.

Шунингдек, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида мол-мулкнинг кадастр қиймати кадастр ҳужжатларидан келиб чиқиб белгиланади, бироқ 42 миллион сўмдан кам бўлмаслиги керак.

Мол-мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулк шартли қийматининг икки баравари миқдоридан келиб чиқиб ундирилади.

Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартибига кўра, ҳудудий тузатиш коэффициентлари ва эскириш коэффициенти қўлланилиши белгиланди.

Энг муҳими, жисмоний шахслардан тўланадиган мол-мулк ва ер солиғи кадастр коди орқали амалга оширилади ва бино ва иншоотларнинг эгаси ўзгарган тақдирда ҳам кадастр коди ўзгармайди.

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати.