Bosh sahifa Jamiyat КАФОЛАТЛАНМАГАН “КАФОЛАТ ХАТИ”

КАФОЛАТЛАНМАГАН “КАФОЛАТ ХАТИ”

0

Ҳар гал “сессия” бошланади дегунча юрагим алланечук така-пука бўлиб кетади. Бувимнинг: “Мушук ҳам текинга офтобга чиқмайди”, – дея кўп такрорлайдиган мақоллари айни мана шу паллада хаёлим узра гир айланади. Ким айтган бўлса ҳам топиб айтган эканда. Мана икки йил бўлибди ҳамки,  буни тушуниб етяпман. Чунки МЕН талабаман!..

Талаба бўлиб, киши ота-онаси, устозларининг қадрига ета бошлар экан. Институт номли даргоҳда “домла” аталмиш буюк зот борки, у ўзингни англашга ўргатаркан. Бу ҳам бир “Бахт”.

Айниқса, “сессия” деган ўтли фаслда ҳўлу қуруқ бирдек ёнади. Бизда ҳам шундай. Шу йил ҳисобида биз пешонаси “ярқираган”ларга ўн битта фан. Ўн бир хил характер, ўн бир хил харажат… Беш қўл баробар бўлмаганидек, домлаларимизнинг орасида “виждони бутун”лари ҳам бор экан. Буни юқори курс талабалари ҳам тасдиқлашди, негаки, “олди-берди” масаласида бизга қараганда анча “тажриба”лари бой. “Бошга тушганни кўз кўрар” қабилида иш тутамиз, дарсларни ўзлаштираверайликчи, бир гап бўлар. Уларнинг гапига қулоқ тутсак, ҳамма домлалар “порахўр”…

Ким нима деса десину, “Умумий педагогика” фани ўқитувчиси ҳақида ноўрин гапирилганда менинг жаҳлим чиқади. Ўз касбининг ҳақиқий фидойиси мен учун, албатта. Қолаверса, гуруҳдаги барча талабаларнинг ҳам кўнглидан жой олиб улгурган. Нафақат билим-малакалари, балки ташқи кўриниши ва ўзини  тутишини кўриб, “туғма табиатли ўқитувчи”, – дейсиз беихтиёр.  Бу фандан “сессия” топшириш жараёни ҳам ўзгача бўлди. Ҳамма аъло кайфиятда, ҳаяжонимиз ҳам у қадар сезилмайди. Домлага ҳурматимиз сабабдир, эҳтимол, дарсларни ҳам яхши ўзлаштирдик. “Сессия” ноодатий тартибда бошланди. Даставвал, барчамиз кафолат хати ёздик:

……..га

2 босқич талабаси Алиев Вали томонидан

Кафолат хати

Мен, Алиев Вали ушбу таълим муассасасининг 2 босқич талабаси эканман, сессия давомида барча фанларни, хусусан, “Умумий педагогика” фанини яхши ўзлаштириб, ўз баҳоларимни ўз билимим билан олишга, ҳеч бир фандан домлаларга “пора” бермасликка ҳамда юқори баҳо олиш  учун “танка” ёлламасликка кафолат бераман.

Агарда шу тартиб-қоидани бузгудек бўлсам, талабалар сафидан чиқариб юборишингизга розиман.

       Сана:                                                        имзо: 

Адолат қарор топаётганлигидан, бир виждон уйғоқлигидан хурсандмиз. Негаки, ушбу кафолат хати баъзи бир талабаларни ҳам эсанкиратиб қўйганди.

“Сессия”дан чиқишимиз биланоқ, “старса”миз “фавқулотда йиғилиш” ўтказадиган бўлди, курсдошларимнинг оладиган баҳоси устида  “савдо”ю “олди-берди”си бошланиб кетди. Гўёки, бозор муҳитига тушиб қолгандекман… Эшикдан чиқаётиб, “старса”мизга юзландим:

– Сир бўлмаса қайси фандан? Баҳом “3” деб ҳаммага айтиб юрманг тағин.

Оҳиста жавоб келди: – “Умумий педагогика”дан!

Илтижо аралаш айтилган бу сўздан кейин хаёлимга биринчи келган фикр “Педагог бўлмайман!..”

Институт дарвозаси ёнида “домла”миз менга пешвоз чиқди:

– Талаба, ортингга қайт, “старса” йиғилиш қилдими? Ҳеч ким кетиб қолмадими?

 Дилноза АБДУҲАМИДОВА