Bosh sahifa Jamiyat КАМЕРАЛ СОЛИҚ ТЕКШИРУВИНИНГ АФЗАЛЛИГИ НИМАДА?

КАМЕРАЛ СОЛИҚ ТЕКШИРУВИНИНГ АФЗАЛЛИГИ НИМАДА?

0

Жорий йил январдан кучга кирган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига асосан солиқ органларига риск-таҳлил асосида камерал солиқ текширувлари, сайёр солиқ текширувларини ва солиқ аудитини тайинлаш ҳуқуқини берадиган солиқ назоратини амалга оширишнинг янги тартиби ўрнатилди.

Дарҳақиқат, “Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисида”ги Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг қарори билан тасдиқланиб, жорий йилнинг 29 май куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди ҳамда 2020 йил 30 майдан кучга кирди.

Аввалги тартибда, камерал солиқ текшируви солиқ тўловчининг ҳисоботи ва бошқа ташқи манбалар асосида солиқ органи ходими томонидан жойида туриб маълумотларни солиштириш орқали ўтказилар эди. Унинг натижасида солиқ тўловчи солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиши ёки асослантирилган сабабларни кўрсатиши талаб қилинар эди. Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкциялар қўлланилмасада, лекин пеня ҳисобланиши белгиланар эди. 

– Янги тасдиқланган Низомга кўра, камерал солиқ текшируви солиқ органининг буйруғи асосида, солиқ органи жойлашган жойда солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори ёки ўртача бўлганда ва солиқ органига жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳақидаги мурожаатлари келиб тушганда ўтказилади, – дейди Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Ғиёс Бўронов. – Мазкур текширувда заруратдан келиб чиқиб, солиқ органлари солиқ тўловчининг ҳудуд ва биноларини кўздан кечириши мумкин. Ушбу тадбирлар солиқ тўловчида белгиланган иш режимига асосан бир иш кунидан ошмаган вақт давомида ўтказилади.

Камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи белгиланган тартибда расмийлаштирилган сўровнома орқали солиқ тўловчидан, бирламчи ҳужжатларни, бухгалтерия ҳисоби регистрларини ҳамда солиқларни ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлган бошқа ҳисоб ҳужжатларини талаб қилиб олишга ҳақли.

Aгар солиқ тўловчиларда йўқолганлиги ёки бошқа сабабларга кўра ҳужжатларни топширишда қийинчилик туғилса, солиқ органлари уларни учинчи шахслардан талаб қилиш ҳуқуқига эга. 

Ўз навбатида камерал текширув ўтказган мансабдор шахснинг белгиланган тартибда тузилган хулосасида тафовут ёки хатолар аниқланганлиги тасдиқланса, икки кунлик муддатда солиқ тўловчига камчилик ва хатоларни бартараф этиш ёхуд уларни асослантириш тўғрисидаги талабнома юборилади. 

Эътиборлиси, талабнома юборилган сана камерал солиқ текшируви якунланган сана ҳисобланади. 

Талабнома юзасидан тушунтириш ва тафовутларнинг асосномаси билан бирга солиқ ҳисоботига киритилган маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши шарт.

Текширув жараёнида ҳуқуқбузарликлар ва бошқа тафовутлар аниқланмаган тақдирда, камерал солиқ текшируви якунланган ҳисобланади. 

Янгиликлардан яна бири – солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган тафовут асосномаларини кўриб чиқаётганда солиқ органи уларни тўлиқ ёки қисман қабул қилиши ёхуд тафовутнинг асосномаси етарли эмас деб хулоса қилиши мумкин. 

Асоснома қисман қабул қилинганда, солиқ органи аниқланган номувофиқликларни тузатиш учун илгари берилган талабномани қайтариб олади ва солиқ тўловчига тақдим этилган асосларни ҳисобга олган ҳолда аниқлаштирилган талабнома юборади.

Шу ўринда яна бир жиҳат, аниқлаштирилган талабнома фақат бир марта юборилади. Пировардида солиқ тўловчи аниқлаштирилган талабномага жавобан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини солиқ органига уни олган кундан бошлаб беш кун ичида тақдим этиши шарт.

Бир сўз билан айтганда, мазкур тизим солиқ ҳисоботларининг тўғри юритилишини таъминлаш ва бюджетга солиқларни тўғри ҳисоблаш йўлида солиқ тўловчилар билан янада самарали ҳамкорликни йўлга қўйишда хизмат қилади.

Навоий вилоят ДСБ матбуот хизмати