Bosh sahifa Jamiyat КАРАНТИН ДАВРИДА МАХСУС РУХСАТНОМА ОЛИШ УЧУН НАВОИЙ ВИЛОЯТИДАГИ ДАВЛАТ...

КАРАНТИН ДАВРИДА МАХСУС РУХСАТНОМА ОЛИШ УЧУН НАВОИЙ ВИЛОЯТИДАГИ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗЛАРИГА КЕЛИБ ТУШГАН ҚАРИЙБ 5 МИНГТА АРИЗАНИНГ 1,5 МИНГТАСИ РАД ЭТИЛДИ

0

Ўтаётган ҳар бир кун халқимиз учун синовли кечаяпти. Боиси ҳар кун тонгда нимадир ўзгараяпти. Янги тартиб ва қоидаларга риоя қилиб яшаш аҳоли орасида короновирус инфекциясини тарқалишини олдини оладиган ягона йўлдир. Бугун ижтимоий тармоқларда кун мавзусига айланиб роса муҳокамада бўлаётган “стикерлар”, уларга боғлиқ бўлаётган ноқонуний ишлар, яъни қалбаки рухсатномаларнинг қўлма қўл бўлаётгани жамоатчиликни ҳайратга солмоқда. Ва ҳар доимгидек, ҳақми, ноҳақми калтакнинг бир учи келиб Давлат хизматлари марказларига тегмоқда. 

Мамлакатдаги фавқулодда ҳолат, яъни эпидемик вазиятдан ҳам манфаати учун фойда кўришга шай турган “корчалонлар” гўё шу кунни кутиб туришгандек, назаримда. Чунки, шундай дейишга асос бор. Бугун марказларга стикерлар олиш учун келаётган тадбиркорларнинг ҳаракатидан ёқа ушлайсиз…Ўзларини гўё катта манфаатдорликдан қолиб кетгандек тутадилар. Хўп, карантин даврида аҳолига озиқ-овқат, дори-дармон зарур, уларни аҳолига етказиб бериш учун автомашиналар ҳаракати ҳам керак. Аммо, шу стикерларни тартиб билан фақат марказ ходими телефон орқали чақирганида келиб олиб кетсалар бўлади-ку… 

Гувоҳи бўлганим, одамларнинг марказ эшиги олдида “тўда” бўлиб ўтиришининг ўзи карантин қоидаларига зид. Мурожаатчиларнинг кўпчилиги карантин тартиби, унинг моҳиятини тушунмайдилар. Ваҳима қилмоқчи эмасман-у, аммо “эй инсон, ахир мамлакатда касаллик аниқланди-ку, ўзингни, ҳаётингни ҳимоя қил” дегим келади. Бугун аҳоли гавжум бўлаётган ҳар қандай манзил одамлар учун хавфли. Худо кўрсатмасин, “талатўп”да стикер билан бирга касалликни юқтирсангиз нима бўлади? Бу ўзингиз билан бирга оилангиз, яқинларингизни, давлат хизматчилари, яна қанча қанча одамлар ҳаётини хавф остига қолдирдингиз, дегани-ку. Демак, халқ таъбири билан айтадиган бўлсак, “қора ўлат”нинг ҳамласини нақадар хатарли эканлигини ҳалиям кўпчилик билмайди. 

Шу топда Давлат хизматлари марказларида карантин бошланганидан буён  аҳоли ва тадбиркорлар мурожаатларига давлат хизмати кўрсатаётган ходимларнинг меҳнатини алоҳида эътироф этиш жоиз. Кўпчилик давлат ташкилотлари иш фаолиятини тўхтатган ёки уйидан туриб онлайн тарзда ташкил этаётган бир пайтда марказларда ҳафтанинг 7 кунида 24 соат иш фаолияти ташкил этилгани тизимнинг ҳар қандай шароитда халқ учун хизмат кўрсатишга тайёрлигини билдиради. 

Биргина автомашиналарнинг ҳаракатланиши учун автомобилларга махсус рухсатномалар бериш бўйича Давлат хизматлари марказларига мамлакат бўйича 100 мингдан ортиқ аризалар юборилган. Навоий вилоятида бу кўрсаткич 4069 тани ташкил этмоқда. Навоий шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан 2 апрель санаси билан 532 та махсус рухсатнома шакллантирилди. Тизимда махсус рухсатнома олиш учун электрон сўровнома тўлдирилишида мурожаатчининг фаолият тури белгиланган тартибга номувофиқлигини автоматик тарзда аниқлаш ва бундай ҳолатларда рухсатнома берилишини рад этиш функцияси ишга туширилиши натижасида 1532 та ариза рад этилди. Бунда стикер олиш тоифаларига мос келмаганлар томонидан аризалар юборилиши, белгиланган ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаслик ҳолатлари ҳам рад жавоби берилишига асос бўлмоқда.

IMG_20200403_074611_939

Яна бир эслатма. Аризаларнинг рад этилганлиги ёки кўриб чиқилаётганлиги ҳақидаги маълумотни Давлат хизматлари Марказларидан эмас, фақат my.gov.uz порталида билиш кифоя. Айтмоқчи, ёдингиздан кўтарилмасин, махсус рухсатнома ёки тегишли ваколатга эга бўлмай, чеклов ўрнатилган ҳудудда машина бошқариб кетаётган ҳайдовчиларга нисбатан махсус рейдлар бошланган ва илк қоидабузарларга маъмурий чоралар ҳам кўрилган.

Энг асосийсини таъкидлаймиз. Агар, автомашинада ҳаракатланиш ҳуқуқини берувчи махсус рухсатномани қалбакилаштирилса, уни сотиш, сохта эканлигини била туриб ундан фойдаланилса Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка асос бўлади. Ўзингизни ва яқинларингизни асранг! Карантин талабларига риоя этинг! Уйда қолинг!

Нодира Самандарова,  ДХА Навоий вилояти бошқармаси ахборот хизмати.