Bosh sahifa Jamiyat “Karmana Golden Eggs” МЧЖ товуқлари қанчалик даромадли?

“Karmana Golden Eggs” МЧЖ товуқлари қанчалик даромадли?

0

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг март ойида вилоятимизга ташрифи чоғида аҳоли томорқаларидаги ерлардан самарали фойдаланиш, эҳтиёжи мавжуд хонадонларга 50-100 тагача товуқ етказиб бериш бўйича топшириқлар берилган эди.

Шу мақсадда ташкил этилган “Karmana Golden Eggs” МЧЖ томонидан вилоятнинг иқлим шароитига мос бўлган тухум беришга мўлжалланган товуқлар етиштирилди. Айни пайтда бу ерда ҳар куни ўз хонадонида товуқ боқиш ва даромад олиш истагида бўлган юзлаб аҳоли вакилларини учратиш мумкин. Аслини олганда, азалдан паррандачиликка етти хазинанинг бири саналади. Товуқ гўшти парҳез таом бўлса, халқимиз орасида тухумининг фойдаси ҳақида эшитмаган одам кам топилса керак.

— Тухум берувчи “Ломан браун-классик” зотли мазкур паррандалар вилоятимиз иқлим шароитига мослиги ва сермаҳсуллиги туфайли харидоргир, — дейди корхона раҳбари ўринбосари Ғ. Содиқов. — Фақат уни парваришлашда белгиланган меъёр асосида иш олиб бориш зарур. Яъни, товуқхоналар дезинфекция қилиниб турилса, ҳаво алмашинуви яхшиланиб, ҳарорати бир меъёрда бўлса, кутилганидан ҳам кўп маҳсулот олиш мумкин. Уй шароитида уларга рацион асосида бериладиган омихта емдан ташқари қўшимча равишда беда, буғдой ва арпа майсаси, сабзи, картошка, қовоқ пўчоқлари берилади. Бу ҳам сермаҳсулликни таъминлайди.

Биз ҳам корхонада бўлиб, вилоятимизнинг олис қишлоқ ва овулларидан ушбу сермаҳсул товуқларни харид қилиш учун навбатда турганларнинг гувоҳи бўлдик. Уларни суҳбатга чорлаймиз.

— Ўзим коллеж ўқитувчисиман, — дейди карманалик С. Раҳимова. — Фақат ойлик-маошга ишониб яшаш бугунги давр талабига тўғри келмайди. Қолаверса, хонадонимизда парранда боқишга шароит етарли. Ҳар куни тухум берадиган 90 кунлик товуқ сотилаётганини эшитиб, тўғри шу ерга келавердим. Паррандалар корхона автомашинасида уйимизга етказиб берилиши, керакли ветеринария тадбирларини ўтказишда ёрдам кўрсатилиши, айниқса, қўл келяпти. Ҳозир 150 бош товуқ олдик. Улар кунига ўртача 145-148 дона тухум берса, бу  50-60 минг сўм дегани-ку! Президентимизнинг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, жорий йил 1 июлдан бошлаб, ўз хонадонида қорамол ёки 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йилига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида суғурта пули тўлаган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил учун меҳнат стажига киритилиши бизни янада қувонтирди. Қўшимча даромад манбаига эга бўлиш билан бирга бу ишимиз фойдасидан белгиланган бадални тўлаб берсак, онамга меҳнат стажи ёзилади. Кўриб турганингиздек, паррандачилик ҳақиқатан ҳам етти хазинанинг бир экан. Ҳар бир хонадоннинг ободлиги ва фаровонлигини таъминлашга катта эътибор қаратаётган Президентимизга раҳматлар айтаман. Келгусида оладиган фойдамиз ҳисобига ана шундай товуқлар бош сонини 1000 тага етказишни режалаштиряпман.

“Пахтаобод” маҳалла фуқаролар йиғини Кармана туманининг энг чекка ҳудудларидан бири саналади. Шунинг учун маҳалла аҳолисини тадбиркорликка жалб этиш ва бу орқали янги иш ўринлари яратишга катта эътибор қаратилмоқда.

DSC_0373

— Маҳалламиз аҳолиси 4090 нафарни ташкил этади, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н. Жуманазаров. — Хонадонлардаги томорқаларда чорва моллари, парранда боқилаётгани, янгидан ташкил этилган иссиқхоналарда помидор, бодринг, булғор қалампири етиштирилаётгани даромадларни янада оширмоқда. Биргина паррандачилик ортидан яхши фойда қилиб, тўйлар қилаётган, янги-янги замонавий машина минаётган одамлар кўпчиликни ташкил этади. Тадбиркорлик қилиш учун 3 та хонадон бирданига 3 минг бош ана шу тухум берувчи товуқ олиб келиб боқяпти. Бунда Президентимизнинг тегишли қарори асосида 3 йил муддатга 7 фоизлик кредитлар бериш тизими жорий қилинганлиги ҳам аҳоли имкониятларини кенгайтирмоқда.

— Ёшим 26 да, ўзим фермер хўжалигида оддий ишчиман, — дейди шу маҳаллада яшовчи С. Йўлдошев. — Яқинда «Агробанк»нинг туман филиалидан 45 миллион сўм имтиёзли кредит олдим. Ушбу маблағ эвазига “Karmana Golden Eggs” МЧЖдан 1500 бош товуқ олиб келиб боқяпман. Уларни парваришлаш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмаяпти. Янги ишга олган 4 нафар ёш билан худди хонаки товуқ каби боқяпмиз. Ҳозир товуқларнинг олди тухумга кирди. Келгусида улар сонини 10 мингтага етказиш бўйича корхона билан шартнома имзоладик.

— 5 йилдан бери паррандачилик билан шуғулланаман, — дейди яна бир пахтаободлик фуқаро Р. Саидова. — Бундан ҳеч ҳам зарар кўрганимиз йўқ. Ўтган йили топган фойдамиз эвазига ўзимизда ишлаб чиқарилган автомашина сотиб олдик. Турмуш ўртоғим, 4 нафар фарзандим ва келиним билан парранда боқиш, 10 сотихлик иссиқхонамизда экинлар парваришлаш билан шуғулланамиз. Оладиган даромадимиз корхона ёки ташкилотда маош олиб ишлайдиганларникидан кўп бўлса кўпки, кам эмас. Айниқса, парранда боқиш оиламизга катта даромад келтираяпти. Бозордан деярли гўшт сотиб олмаймиз. Уйида шароити бор ҳар бир оила товуқ боқишини истардим. Президентимизнинг «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастуридан кўзланган мақсад ҳам шу эмасми?

DSC_0396

Ҳа, вилоятимизда паррандачилик билан шуғулланиб, рўзғорига қут-барака киритаётган юқоридаги каби оилаларни кўплаб учратиш мумкин. Шундай экан, имконияти бор ҳар бир фуқаро бугундан хонадонида парранда боқишга киришса, ҳам бозорларимизни тухум, товуқ гўшти каби маҳсулотлар билан тўкин этишга ҳиссасини қўшади, ҳам ўз оилавий бюджетини бойитади.

Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ, журналист.