Bosh sahifa E'tirof Карманада Хитой инвесторлари томонидан пиллачилик борасида йирик лойиҳа амалга оширилмоқда

Карманада Хитой инвесторлари томонидан пиллачилик борасида йирик лойиҳа амалга оширилмоқда

0

Хитойда пилла қурти етиштириш йил давомида тўрт маротаба амалга оширилишини биласизми? Келгуси йиллардан вилоятимизда ҳам уч мартагача пилла етиштириш йўлга қўйилиши мумкин.

Бугунги кунда Кармана туманидаги “Навоий ипак қурти уруғи” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Shandong Guantong Silkworm eggs” корпорацияси томонидан 5 йилга мўлжалланган жами икки миллион долларлик йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Хориж корхонаси Хитой Халқ Республикасидаги етакчи ипак қурти етиштириш корпорацияси саналади.

Ҳозирда МЧЖга тегишли майдонда инвесторларнинг молиявий кўмаги асосида икки қаватли лаборатория, ошхона, ётоқхона ва бошқа бинолар қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Уруғ етиштириладиган ҳамда қайта ишланадиган эски бинолар эса таъмирдан чиқарилади. Илгари ушбу корхонада йилига 20 минг қути ипак қурти уруғи тайёрланган бўлса, модернизациядан сўнг 52 минг қути уруғ тайёрлаш имконияти пайдо бўлади. Доимий ишчилар сони ҳам 50 нафарга етади.

  —  Пиллачилик гарчи истиқболли соҳа бўлсада илгари мазкур тармоққа эътибор жуда суст эди, – дейди “Навоий ипак қурти уруғи” масъулияти чекланган жамияти раиси Феруза Эшонқулова. – “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси негизида “Агропилла” корхоналари фаолиятининг йўлга қўйилганлиги бу соҳа ривожига хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг август ҳамда сентябрь ойларида бир гуруҳ ўзбекистонлик пиллакорлар Хитой давлатида бўлиб, бевосита хориж тажрибасига гувоҳ бўлишди. Умуман олганда ишларимизни самарали йўлга қўйсак, вилоятимизнинг ўзида минг-минглаб кишиларни мавсумий иш билан таъминлашимиз мумкин. Бу эса аҳоли бандлиги масаласида муҳим ечимлардан бири бўлади.

Бугунги кунда юртимизда инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Солиқ ва бошқа имтиёзлар хориж сармоядорларини мамлакатимизда бизнес юритишга чорлаяпти. Биргина туманимиз мисолида айтишимиз мумкинки, бундай ислоҳотлар ҳудудлар тараққиётида муҳим омилга айланаётир.