Bosh sahifa Jamiyat “Кармана тарихи” номли китоб нашр этилди

“Кармана тарихи” номли китоб нашр этилди

0

Тарих олис ва яқин ўтмишда юз берган воқеаларнинг рўйхати ёки оддий баёни эмас. Қолаверса, дунёдаги ҳар бир халқ, ҳар бир давлатнинг ўз тарихи бор.

Кармана ўтмиши буюк Ватанимиз тарихининг ажралмас қисмидир. Ҳозиргача Кармана тарихининг айрим қирраларини ўзида акс эттирган бир неча китоблар юртдошларимиз қўлига тегди.

Бу эзга ишни раҳматли Аҳтам Ҳотамов бошлаб берган эдилар. Шуҳрат Халилов, Сулаймон Иноятов, Суюндик Мустафоев, Нурхон Бекниёзов, Самандар Қобуловларнинг китоблари карманаликларни, умуман, вилоятимиз аҳлини бефарқ қолдирмади.

9 286

2017 йил декабрь ойидан эътиборан вилоят ҳокими, сенатор Қобул Турсуновнинг ташаббуси, бевосита раҳнамолиги, ҳомийлар ҳиммати туфайли Кармана тарихини ёзишдек машаққатли ва айни пайтда ғоят масъулиятли ишга киришилди. Навоий давлат кончилик институти доценти, тарих фанлари номзоди Олмахон Ҳайитова, Навоий давлат педагогика институти доценти, тарих фанлари номзоди Хуршид Қурбонов муаллиифлигида “Кармана тарихи” китоби 2018 йил Тошкентдаги “MASHHUR PRESS” нашриётида босмадан чиқди.

Китоб вилоят ҳокими Қ.Турсуновнинг “Маънавияти юксалган замин” сарлавҳали кириш сўзи билан очилади. Ушбу нашр олти боб — “Кармана тарихи манбашунослиги”, “Ўрта асрларда Кармана”, “Кармана Бухоро хонлиги ва амирлиги даврида”, “ХХ асрнинг 30-80-йилларида Кармана”, “Мустақиллик йилларида Кармана”, “Кармананинг тархий обидалари ва муқаддас қадамжолари”дан иборатдир. Ундан “Кармана атрофидаги қадамжолар” ҳам ўрин олган.

Асарга “Бухоро амирлигининг амлоклари ва бошқа маъмурий бўлинмалари” боби илова қилинган.

Кармана туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида ушбу китобнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Уни вилоят ҳокими Қ. Турсунов олиб борди.

Дастлаб муаллифлар — Олмахон Ҳайитова ва Хуршид Қурбонов ушбу асарнинг яратилиши, 400 дан ортиқ энг нодир қўлёзмалар, асл манбалардан фойдаланилганлиги хусусида сўз юритдилар ва ушбу фундаменталь нашр масъулиятини зиммасига олган вилоят ҳокими Қ. Турсуновга, ҳомийларга чексиз миннатдорчилик билдирдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари — Салима Умарова, Шойим Шерназар, Одил Ҳотамовлар ушбу нодир нашрнинг тарихий ва тарбиявий аҳамияти ҳақида сўз юритдилар.

Ишончимиз комилки, бу асар жавонларда чанг босиб ётмайди. Турли ёшдаги кишилар, айниқса, мактабларда ўқиётган фарзандларимиз томонидан қўлдан қўймай ўқилади.

Одил ҲОТАМОВ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.