Bosh sahifa Jamiyat Кармана туман ИИБ: такси ҳайдовчиларига “почта” беряпсизми? Тўхтанг!

Кармана туман ИИБ: такси ҳайдовчиларига “почта” беряпсизми? Тўхтанг!

0

Кармана туман ИИБ томонидан аниқланаётган жиноятлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар кўпаймоқда. Баъзан мазкур жиноятларнинг бир гуруҳ шахслар бўлиб амалга оширилаётгани фуқароларимизни огоҳликка чақириши лозим ҳамда нотаниш инсонларга ишониб уларга моддий бойликларни топшириб юбормаслик керак.

Жорий йилнинг март ойида юзага келган ҳолат шундан далолат беради. 1994 йилда Навоий шаҳрида туғилган Э.У. исмли шахс ўзганинг анча миқдоридаги мол-мулкини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, таниши Қ.М. билан ўзаро жиноий тил бириктиради.

Яъни, Э.У. “Ласетти” русумидаги автомашина билан 2018 йилдан буён “Навоий-Тошкент” йўналиши бўйича киракашлик қилиб келган. 2019 йилнинг 5 март куни унинг олдига ўзини “Николай” деб таништирган шахс келади ва Тошкентга “почта” борлигини айтади. Э.У. скотчга ўроғлиқ нарса билан бирга телефон рақамлар ҳам ёзиб олади.

Бироқ, шу куни Тошкентга кетолмайди. Сабаби Кармана тумани ҳудудида ЙПХ ходимлари уни тўхтатганида, тегишли ҳужжатлар мавжуд эмаслигини айтиб, автомашина жарима майдончасига элтиб қўйилади.

Э.У. “почта” билан бирга бир нечта кишиларни Тошкентга олиб боришга ваъда берганди. Шу боис, шериги, 1991 йилда Кармана туманида туғилган Қ.М. исмли шахсни чақиради ва ўзи ҳам у билан бирга пойтахтга жўнайди. У ерга етиб борилганида пулнинг миқдори 31 миллион сўм эканлиги аниқ бўлган, бу эса икковлоннинг ҳам хаёлини ўғирлаганди.

Аслида мазкур маблағлар, “Абу-сахий” бозорида чинни идишлар сотувчи хоразмлик тадбиркорга тегишли, навоийлик ҳамкори унга сотилган маҳсулотларнинг пулларини жўнатаётган бўлган.

Таниши берган телефон рақам эгаси ­– таксичига ҳар қанча телефон қилишга уринмасин, унинг рақами ўчирилган эди. Кейинги уринишлари ҳам зое кетади. «Эрта олиб бораман”, “Индинга бораман” деган гаплар кўпайгач, биладики алданмоқда. 10 март куни ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат қилинади.

Бу орада мўмай даромадга эга бўлган шоввозлар мазкур пулларни  ўз эҳтиёжларига ишлатиб юбориш билан оввора эдилар. Тирикчиликни ҳам унутиб, ҳали сауна, ҳали чойхона, ҳали ресторан, ҳали тунги клуб… Бир пасда 31 миллион сўм тугаб ҳам қолади.

Тергов жараёнида уларнинг айби тўлиқ исботланди. Судда  ҳам мазкур шахслар қилмишидан пушаймон бўлиб, бошқалардан узр сўради. Уларга нисбатан тегишли жазо қўлланилди. Шунингдек, еткзилган зарар қопланди.

Ш.ХУДОЙБЕРДИЕВ, Кармана тумани ИИБ ҳузуридаги  ТБ терговчиси, лейтенант.