Bosh sahifa Jamiyat КАРМАНА ТУМАНИ МАҲАЛЛАЛАРИ ҲУДУДИДА АРЗОНЛАШТИРИЛГАН ЯРМАРКАЛАР ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

КАРМАНА ТУМАНИ МАҲАЛЛАЛАРИ ҲУДУДИДА АРЗОНЛАШТИРИЛГАН ЯРМАРКАЛАР ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

0

Карантин даврида мамлакатимизда бўлгани каби Навоий вилоятида ҳам аҳоли учун қулай шароит яратиш, арзон савдо ярмаркалари, кўчма дўконлар фаолиятини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. 

Жумладан, Кармана тумани марказидаги деҳқон бозорида саховатпеша тадбиркорлар томонидан арзон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси мунтазам ташкил этиб келинмоқда.  Шунингдек, кўчма дўконлар орқали кенг турдаги маҳсулотлар харидорлар хонадонларигача элтиб бериляпти. 

IMG_20200418_134813_695

Бугун “Кармана голден эгс” МЧЖ томонидан “Мир Саид Баҳром” маҳалласида арзонлаштирилган тухум ва товуқ, мол гўшти ҳамда бошқа турдаги товарлар ярмаркаси ташкил этилди. Маҳсулот таннархининг арзонлаштирилганидан ташқари, аҳолидан терминаллар орқали тўловлар қабул қилингани ҳам фуқаролар учун қулайлик яратди. 

— Бу ишлардан жуда мамнунмиз, — дейди меҳнат фахрийси Манзура Саидмуродова. — Картошка, пиёз, сабзи, тухум, ўсимлик ёғи  ва бошқа рўзғор учун кундалик зарур маҳсулотларни арзон нархларда уйимизгача олиб келиб беришаяпти. Бундан кўринадики, бозорларда нархни сунъий равишда кўтаришга ўрин йўқ. Ҳозир бир-биримизни қўллаб, инсофу диёнатни унутмасак, Президентимиз биз учун жон куйдираётганларини ҳис қилиб, кўчага чиқмасдан, уйда карантин қоидаларига амал қилиб ўтирсак, ҳаммаси яхши бўлади. Синовларда тобланган халқмиз, бу қийинчиликдан ҳам омон-эсон ўтиб оламиз.

IMG_20200418_134725_169

Мазкур корхона томонидан шунингдек, туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳам худди шундай сайёр савдо ярмаркалар ташкил этиб келинмоқда. 

Туман ҳокимлигининг маълумот беришича, айни пайтда ҳудуддаги бир қатор тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳам ҳир бир маҳалла кесимида ҳар куни кўчма дўконлар ташкил этиляпти.