Bosh sahifa Yangiliklar Кармана туманининг айрим ҳудудлари Навоий шаҳрига қўшиб берилди

Кармана туманининг айрим ҳудудлари Навоий шаҳрига қўшиб берилди

0

7 март куни Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари ўттиз еттинчи сессияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари М.Абдуллаев ва Бош прокурор ўринбосари С.Самадов иштирок этган анжуманда депутатлар, давлат бошқарув органлари ҳамда тегишли ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари, ОАВ вакиллари қатнашди.

Сессияда секторлар фаолияти, бюджет даромадларини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, инвестиция дастурлари ижросини таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоятимизда 44 та сектор фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи Сессияда сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида секторлар кесимида кўплаб ишлар амалга оширилган, хонадонма-хонадон юриш чоғидаги аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар жараёнида ҳудудлардаги талайгина муаммолар жойида ечим топмоқда. Шунга қарамасдан, ҳисоботларда кўрсатилганидек, уларнинг тегишлилиги бўйича қайд этилмаганлиги, жузъий камчиликлар ҳамон учраётганлиги, қолаверса, бу борада бажарилиши лозим бўлган ишларнинг кўлами ҳар бир раҳбардан ўз вазифасига муносиб тарзда меҳнат қилишни талаб этади. Шу билан бирга, кузатувларда секторлар ўртасидаги ҳамкорликнинг сустлиги кўзга ташланади. Сессияда шу каби масалалар ечими хусусида фикрлар билдирилди.

Вилоят бюджети даромадлари белгиланган кўрсаткичини таъминлаш масаласи бўйича вилоят давлат солиқ ва молия бошқармалари бошлиқлари ҳисобот бердилар. Вилоятда жорий йилда бюджет даромадларини 270 миллиард сўмга ортиғи билан уддалаш белгилан. Бу эса ҳудуддаги корхона-ташкилотлар зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Депутатлар томонидан мазкур масала атрофлича муҳокама қилиниб, жорий вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи тузилди. Унга солиқ, ғазначилик, кадастр, банк соҳаларидан жами 800 дан зиёд малакали мутахассислар жалб этилган.

Бундан ташқари, Кенгаш томонидан “Вилоятда 2018 йилда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилиниб, унинг ижроси ва назоратини амалга ошириш бўйича комиссия таркиби тасдиқланди. Вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи мазкур дастурга асосан жорий йилда 36,2 мингта янги иш ўринлари ташкил этилиши белгиланганлиги ҳақида тўхталди. Эндиликда тегишли комиссия аъзолари ҳар ойда ҳудудларга чиқиб, дастур ижросини ўрганишади ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширади.

Сессия ишида ижрочилар томонидан 2018 йилги инвестиция ҳамда 2018-2019 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилидаган истиқболли лойиҳалар хусусида батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда инвестиция дастури доирасида 99 та лойиҳа амалга оширилади. Улар истиқболини таъминлаш ва ҳудудда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш мақсадида жорий йилнинг апрель ойида Украинанинг Запорожье вилоятига маҳаллий тадбиркорларнинг сафари режалаштирилган. Бундан ташқари, 2018-2019 йилларда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами 493 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади. Бу борада кенгаш қарори тасдиқланиб, унга кўра туман-шаҳар ҳокимликлари, вилоят “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси зиммасига қатор вазифалар юклатилди.

Сессияда депутатлар томонидан вилоят ҳудудида қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, айниқса ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалалари, Халқ депутатлари кенгашларининг 2017 йилдаги фаолияти ва 2018 йилнинг энг муҳим вазифалари ҳам кўриб чиқилди. Бу борада долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Маълумки, Навоий шаҳрида олиб борилаётган жадал бунёдкорлик ишлари ҳудуд инфратузилмасини яхшилаб, аҳоли учун кенг қулайликлар яратмоқда. Бу ўз навбатида вилоят маркази чегараларини кенгайтириб, Кармана туманидаги айрим маҳаллалар ҳудудини шаҳарга қўшишни тақозо этяпти. Сессияда айни масала юзасидан қарор қабул қилинди.

Унга кўра, Кармана туманининг Навоий шаҳрига туташ жами 1,8 минг гектарга яқин майдони шаҳар таркибига киритилди.

Сессияда кўриб чиқилган масалалар муҳокамасида вилоятда амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар ҳамда ижроси таъминланмаётган қатор масалалар юзасидан Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатларининг фаоллиги сезилмаётганлиги алоҳида таъкидланди. Замон барча соҳа вакиллари каби депутатлардан ҳам янгича фикрлашни, ҳар бир воқеа-ҳодисага тезкор ва асосли муносабатни кутмоқда. Зеро, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан жадал тараққиёти ҳокимликлар, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари билан бирга, депутатлар ва фаолларнинг бир ёқадан бош чиқариб, аниқ мақсад сари, замон билан ҳамнафас фаолиятлари орқали таъминланади.