Bosh sahifa Jamiyat Кармана ва Қизилтепада вилоят ҳокими ҳудуд ёшлари билан учрашди

Кармана ва Қизилтепада вилоят ҳокими ҳудуд ёшлари билан учрашди

0

Навоий вилояти ҳокими, 1-сектор раҳбари Қобулжон Турсунов Кармана ва Қизилтепа туманларида бўлиб, ўз сектори ҳудудидаги ёш авлод вакиллари, жумладан ишсиз ва муаммоли йигит-қизлар билан учрашди.

Кармана тумани ҳокимлигининг катта мажлислар залида мазкур туман ва Навоий шаҳридан келган 250 нафарга яқин ёшлар иштирокида ўтказилган тадбирда “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури ва унда белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, давлатимиз раҳбари томонидан мазкур тарихий ҳужжат асосида ёшларга яратиб берилган имкониятлардан аниқ мақсадли ва самарали фойдаланиш юхасидан фикрлар билдирилди.

Шундан сўнг 30 дан зиёд йигит-қизлар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар билан вилоят раҳбарига мурожаат қилди. Ўндан ортиқ бандлик, кредит ва тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ масалалар жойида ҳал этилди.

DSC_0178

24 ёшли Маржона Ҳамроева оилавий тадбиркорлик қилиш ниятида Кармана тумани “Деҳқон” маҳалласи ҳудудида мини футбол стадиони қуриш учун 150 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфлади. Замонавий типда қурилаётган объектни ишга тушириш учун унга яна 100 миллион сўм маблағ зарур. Ана шу масалада вилоят ҳокимидан ёрдам сўради. Масала ижобий ҳал этилиб, унга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида ташкил этилган “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси маблағларидан “Ҳамкорбанк”нинг вилоят филиаллари орқали 7 фоиз ставка билан 100 миллион сўм имтиёзли кредит биринчилардан бўлиб ажратилишига келишиб олинди.

— Биз ёшларга Президентимиз томонидан шундай имкониятлар яратиб берилаётганидан ниҳоятда хурсандман, — дейди М. Ҳамроева. — билдирилган ишончни оқлаб, мини футбол стадиони ёнидаги бўш жойдан болалар ўйингоҳи ҳам қураман. Келгусида бу ер маҳалламизда яшаётган ёшларнинг севимли масканига айланади.

Худди ана шундай тадбир Қизилтепа тумани марказидаги маданият ва истироҳат боғида ҳам бўлиб ўтди.

Учрашувда вилоят ҳокими билан бирга 2-сектор раҳбари, вилоят прокурори Х.Каримов, Қизилтепа тумани ҳокими Ш.Набиев ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Ж.Ходжаев иштирок этди. 300 нафардан ортиқ қизилтепалик йигит-қиз қатнашган тадбирда уларнинг муаммолари тингланиб, ҳар бир иштирокчининг муаммоларини ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлари белгиланди.

Жумладан, учрашув доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Унда 20 та ташкилот ўзининг 429 та иш ўрни билан қатнашиб, жараёнда 140 нафар ёшларга ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди. Улар тиббиёт, таълим ва ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият кўрсатиш имкониятига эга бўлди.

20 дан зиёд йигит-қиз чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда тикувчиликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш мақсадида кредит олишда амалий ёрдам сўради. Улар орасида Фирдавс Тоҳировнинг ташаббуси кўпчиликнинг эътиборини тортди.

— Йилнинг ҳар фаслида аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлаш мақсадида мева-сабзавот сақлаш совуткичини қуришим учун 250 миллион сўм маблағ зарур эди, — дейди Ф.Тоҳиров. — Учрашувда менинг мурожаатим ижобий ҳал этилди. Эндиликда тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйиб, хорижга ҳам маҳсулотлар экспортини амалга оширишни режалаштирмоқдаман.

Тумандаги 38-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Аббос Акрамов паррандачилик билан шуғулланиш таклифи билан 1-сектор раҳбарига мурожаат қилди.

— Ёзги таътилди бўш юрмаслик учун отам билан маслаҳатлашиб, бройлер жўжалар парваришлашни режа қилдик, — дейди Аббос. — Аммо товуқхонани реконструкция қилиш учун қўлимиз бироз калталик қилди. Учрашувда оилавий тадбиркорликни бошлашимга 17 миллион сўм кредит маблағи ажратиладиган бўлди. Менинг таклифим ҳоким томонидан тўла қўллаб-қувватланиши баробарида келгуси йил фаолиятимни ривожлантириб, экспортни йўлга қўйсам автомобиль совға қилишини ваъда берди. Бундай юксак ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қиламан.

Учрашув давомида 50 нафар қизга тикув машиналари топширилди. 10 нафар ёш тадбиркорга 10 бошдан майда шохли чорва ҳамда яна 10 нафар ёшга 15 бошдан парранда кредит асосида тарқатилди. 30 га яқин йигит-қизга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Иштирокчилар томонидан ёшлар марказларида тўгараклар сонини ошириш, туну кун ишлайдиган жамоат ва ёшлар кутубхоналарини очиш, ёз мавсумида ички туризмни ривожлантириш ва бошқа саволлар кўтарилди. Барча масалалар юзасидан аниқ келишувларга эришилди.

Учрашувлар доирасида иштирокчиларга қўлланма-китобча шаклида чоп этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури тўғрисида”ги фармони тарқатилди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими ва бошқа сектор раҳбарларининг бу каби учрашувларни барча ҳудудларда мунтазам давом этиши алоҳида таъкиланди.