Кармана туманидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган 23 нафар фуқарога “Маликработ” ҳамда “Кумушкон” массивида қуриб битказилган янгиланган лойиҳалар асосидаги уй-жойлар топширилди.
Туман ҳокимлиги Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан амалга оширилган мазкур хайрли тадбирда шинам хонадонлар ўз эгаларига бошланғич тўловсиз тақдим этилди.
Тантанали маросимларда мутасадди раҳбарлар ҳамда кенг жамаотчилик вакиллари қатнашди. Унда сўзга чиққанлар юртимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлиги, “Давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг ҳаётда тобора ўз ифодасини топиб бораётганлигини таъкидлашди.
— Иккинчи гуруҳ ногирониман, бир нафар фарзандим бор, – дейди биз билан суҳбатда У.Жумаева. – Замонавий уйга эга бўлганим менинг ҳаётга, яшашга бўлган ишончимни, орзу-умидларимни яна бир бор юксалтирди. Бунинг учун давлатимиздан миннатдорман.
Шунингдек, Навбаҳор туманидаги “Навкар” маҳалласида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қуриб битказилган 14 та уй-жой ҳам ўз эгаларига топширилди. Кенг жамоатчилик вакиллари қатнашган тадбирда янги уйлар калитлари тантанали равишда ўз эгаларига топширилди ҳамда шинам хонадонларга эга бўлган фуқароларимизнинг қувончга тўла фикр-мулоҳазалари тингланди.
Улардан бири I гуруҳ ногирони Сафия Бобоева. Бир нафар қизи билан қарийб ўн йилдан буён сарсон-саргардонликда яшаб келаётган она янги уйга – ўз хонадонига кўчиб ўтганидан боши осмонда.
— Ҳар куни қишлоғимизда ёки туманимизда камида битта янгилик, битта юксалиш амалга оширилаяпти, – дейди С.Бобоева биз билан суҳбатда. – Оилалар, биз каби ўксик дилларнинг кўнгли қувончга тўлаяпти. Юртимиздаги ривожланиш, мисли кўрилмаган янгиликлар, ўзгаришлар ҳар бир юртдошимиз қалбини фахр ва ифтихорга тўлдирмокда.
Вилоятимизда ижтимоий заиф қатламни қўллаб-қувватлаш борасидаги мазкур саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.