Bosh sahifa Jamiyat Карманада 107 нафар фуқаронинг яшаб турган хонадонига мулк ҳуқуқини тиклаш рад этилди....

Карманада 107 нафар фуқаронинг яшаб турган хонадонига мулк ҳуқуқини тиклаш рад этилди. Нега?

0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги “Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Кармана туманида Давлат хизматлари маркази томонидан  бугунги кунга қадар 1135 та аризалар қабул қилинган. Шундан 493 та ариза ижобий ҳал этилиб, туман ҳокими қарори чиқарилган,  306 нафар фуқарога кадастр ҳужжати тайёрлаб берилган, 535 та ариза махсус комиссия томонидан кўриб чиқилмоқда.

Аммо баъзи ҳолларда  ўзбошимчалик билан қурилган уйларга эгалик ҳуқуқини тиклашда комиссия томонидан рухсат берилмаяпти. Рад этиш сабаблари ўрганилганда, қуйидагилар маълум бўлди.  Баъзида турар жойлар юқори кучланишли электр линияси остида жойлашган ёки уйлар остида юқори босимли газ қувурлари ётқизилган, кўпчилигининг қурилиши тугалланмаган, айрим ҳолларда хонадонлар санитария талабларига жавоб бермаслиги боис шундай қарорга келинган.

Масалан, Кармана туманининг “Боғимшамол” МФЙда яшовчи Интизор Ашурова турар жойи юқори босимли газ қувури ўтган манзилда жойлашганлиги сабабли уйига эгалик ҳуқуқини ололмаган. “Ҳазора” маҳалласида уй-жой тиклаган Санжарбек Рахматов эса турар жойида яшаш учун шароит яратмаганлиги, ошхонаси санитария гигиена талабларига жавоб бермаслиги, ҳовлида ҳожатхона қурилмаганлиги боис уй-жойига эгалик қилолмайди.

Бугунга қадар туманда  107 нафар фуқаронинг яшаб турган хонадонига мулк ҳуқуқини тиклаш буйича комиссия рад жавобини берган.

Асқар ИСАЕВ, Кармана туман Давлат хизматлари маркази  бўлим бошлиғи.