Bosh sahifa Jamiyat Карманада “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида бугунга қадар 1600 та...

Карманада “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида бугунга қадар 1600 та оилага имтиёзли кредитлар тақдим этилди

0

Кармана туманида “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида аҳолига ажратилиши белгиланган жами 63 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағларининг бугунгача 40 фоизидан зиёди талабгор фуқароларга тақдим этилди.

30 май ҳолатигача 1600 та оила ушбу имтиёздан фойдаланган бўлиб, улар асаларичилик, балиқчилик, паррандачилик, туяқуш боқиш, қуёнчилик каби йўналишларда ўз лойиҳаларини амалга ошираяпти. Айни пайтга қадар яна 800 та оила кредитга эҳтиёжи борлигини билдирган. Банк ходимлари томонидан улар билан ҳамкорликдаги ишлар олиб борилаяпти.

Таъкидлаш керак, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 июнда эълон қилинган “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 7 мартда қабул қилинган “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари тадбикорлик соҳасида иш олиб бормоқчи бўлган, шу жумладан кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида муҳим асос бўлмоқда.

Имтиёзли кредитлар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган жисмоний шахсларга энг кам иш хақининг 150 баробаригача (ҳозирги кунда ўртача 30 миллион сўм) оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилаяпти. Кредит олиш учун ариза, паспорт нусха, сектор раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини раиси томонидан бериладиган тавсиянома тақдим этилиши керак. Ушбу кредитлар ихчам иссиқхоналарни ташкил этиш, асаларичилик, чорвачилик (насилли), паррандачилик, қуёнчилик, балиқчилик, ҳунармандчилик, тикувчилик, мини-ускуналар харид қилиш ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тадбиркордик йуналишлари учун йиллик 8 фоиз, 3 йилгача муддатга, 3 ойдан 6 ойгача имтиёли давр билан берилади.

Ушбу жараён бир нечта боқчқичлардан иборат. Хусусан, фуқаролар дастлаб маҳаллага бириктирилган ишчи гуруҳга кредит олиш истагини билдиради. Шундан сўнг, ишчи гуруҳ маҳалла буйича кредит олувчиларнинг руйхатини шакллантириб, туман бўйича махсус ишчи гуруҳ – Марказга тақдим этади. Марказ туман буйича кредит олувчилар руйхатини умумлаштириб, вилоят Марказига тақдим этади. Сўнгра вилоят буйича кредит олувчилар руйхати тасдиқлаб, мазкур ҳужжат туман Марказига ҳамда тижорат банкларига юборилади. Якунда  таьминотчилар томонидан маҳсулот талабгор фуқарога етказиб берилади. Фуқаро томонидан ушбу етказилган маҳсулотлардан қониқиш ҳосил қилганлиги тўғрисида розилик хати берилгандан сўнг тижорат банклари томонидан таъминотчи ҳисоб рақамига кредит ажратилади.

Қайд этиш жоиз, фуқароларимизнинг мазкур дастур асосида тадбиркорликни йўлга қўйишга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Бугунгача уйма-уй юриш орқали кредит олиш таклифи билдирилган оилаларнинг 15 фоизигина кредит олишга эҳтиёжи йўқлигини билдиргани бунга мисол. Шунингдек, дастур доирасида кам таъминланган оилалар қўллаб-қувватланаётгани ҳам алоҳида эътиборга молик. Бугунгача имтиёзли кредитга эга бўлган оилаларнинг 50 фоизи мазкур тоифа вакиллари саналади. Бу эса уларнинг бандлиги таъминланиб, даромадлари ошишини ва шунинг баробарида яшаш шарт-шароитлари яхшиланишини кафолатлайди.

Бир сўз билан айтганда, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури ижроси юзасидан туманимизда ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар, маҳалла, молия, солиқ, қолаверса нодавлат ташкилотлар ва бошқа органлар ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Бу ҳамжиҳатлик албатта, келгусида ўз натижасини беради.

У.РУСТАМОВ, Кармана туман Молия бўлими мудири.