Bosh sahifa Yangiliklar Карманада 4 та янги боғча иш бошлади

Карманада 4 та янги боғча иш бошлади

0

Кармана туманининг “Варқ” маҳалла фуқаролар йиғинида “Hangook Yuchеwon” номли мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.

Таълим-тарбия масканининг тантанали очилиш маросими шодиёнага айланди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Ф. Солиев иштирок этди ҳамда ҳудуд аҳлини қувончли кун билан қутлади.

— Муҳтарам Президентимиз мактабгача таълим тизимига жудда катта эътибор қаратмоқда. Бунинг самарасида қишлоқ жойларида ҳам замонавий, барча қулайликларга эга таълим масканлари қад ростлаяпти. Бундан кўзланган асосий мақсад, албатта, фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук, баркамол инсон бўлиб улғайишларини таъминлашдир, — дея таъкидлаб ўтди у ўз сўзида.

Банк кредити ва тадбиркорнинг ўз маблағи эвазига барпо этилган икки қа­ватли бинода болажонлар учун барча қулайликлар яратилган.

— 120 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасамиз шинам, ёруғ ва кенг хоналар, замонавий ўқув қуроллари, мултимедиа воситалари ҳамда ўйинчоқлар билан таъминланган. Ўқув машғулотлари тажрибали педагог ва тарбиячилар томонидан олиб борилади. Таълим-тарбия масканимиз “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” олдидан болажонлар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди, — дейди тадбиркор Қаҳҳор Халилов.

1 июнь ­– Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан туманда яна 3 та мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.