Bosh sahifa Yangiliklar Карманада Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази фаолият бошлади

Карманада Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази фаолият бошлади

0

Навоий вилоятида Хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида ташкил этилган тадбиркорлик маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Кармана туманидаги “Ширин диёр”  савдо мажмуаси биносида иш бошлаган марказнинг тантанали очилиш маросими ўтказилиб, унда масъул идора ва ташкилотлар раҳбарлари қатнашди. Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова янги ташкил этилган муассасадаги шарт-шароитлар билан танишди.

— ­Мажмуамизда айни вақтда хотин-қизларга нон ва нон маҳсулотлари, турли ширинликлар ишлаб чиқариш сир-асрорлари ўргатилади, ­- дейди марказ раҳбари, оилавий тадбиркор Мақсуда Ярмуҳаммедова. ­– Кейинчалик эса бошқа соҳаларни чуқур амалий ўргатиш юзасидан ҳам курслар ташкил этилади. Турли пишириқлар тайёрлаш учун бу ерга Хитой давлатидан технологиялар келтирганмиз. Бунинг учун 200 миллион сўмлик банк кредити ва 100 миллион сўмлик шахсий маблағларимиз сарфланди.

Қайд этиб ўтиш лозим, Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ташкил этилди.

Нодавлат-нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган мазкур марказлар аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш ва уларни ишга жойлашишга ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирганларга кўмаклашиш каби вазифаларни амалга оширади.