Bosh sahifa Mualliflardan Карманада мудҳиш қотиллик жинояти содир этилди

Карманада мудҳиш қотиллик жинояти содир этилди

0

28 июнь куни соат 0800 ларда 1990 йилда туғилган фуқаро Ф.С. Кармана тумани, “Шибзон” МФЙда яшаб келаётган қудаcининг хонадонига келиб, 24.06.2019 йилда ўз жонига қасд қилган синглиси ўлимига улар сабабчи бўлганлигини айтиб, ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи воситасида хонадон эгаси ва унинг икки нафар қизи тана аъзоларининг турли жойларига тан жароҳатлари етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Олинган тан жароҳатлари натижасида хонадон эгаси воқеа жойида, унинг бир нафар қизи шифохонага олиб борилаётганида йўлда вафот этади ва учинчи жабрланувчи ҳозирда Кармана тумани тиббиёт бирлашмасининг “жонлантириш” бўлимига ётқизилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қотиллик жиноятини содир этган шахснинг синглиси 2 ой олдин мазкур хонадонга келиб бўлиб тушган. Қашқадарё вилояти, Косон туманида жойлашган ҳарбий қисмда фаолият олиб бораётган куёв тўйдан сўнг келинни мазкур туманга олиб кетади ва ижарага уй олиб, бирга яшашади. Маълум вақт ўтгач келин ушбу ижара уйида ўзини осиб жонига қасд қилган ва ушбу ҳолат юзасидан бугунги кунда Косон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилмоқда.

28 июнь куни содир бўлган мудҳиш ҳодиса юзасидан вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи, вилоят прокурорининг ўринбосари, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари, Кармана туман прокурори, туман ИИБ бошлиғи, вилоят прокуратураси ва ИИБнинг тергов-тезкор гуруҳи ходимлари, ИИБ ЭКБ ва СТЭ экспертлари чиқишиб, криминалистика-техника воситаларидан фойдаланилган ҳолда кўздан кечирилиб, ҳодиса жойидан ошхона пичоғи ва бошқа предметлар ашёвий далил сифатида олиниб, судга оид экспертизалар тайинланган.

Кармана туман прокурори томонидан фуқаро С.Ф.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида гумон қилинувчи ушланиб, унга ҳимоячи иштирокида ҳимояга бўлган ҳуқуқлари тушунтирилиб, ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, ЖПКнинг  221-моддаси тартибида ушланди.

 Б.ҲАМДАМОВ, Кармана тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ катта терговчиси, капитан.