Bosh sahifa Yangiliklar Карманада янги боғча фойдаланишга топширилди

Карманада янги боғча фойдаланишга топширилди

0

Бугун, 28 август куни Кармана тумани “Азамат” маҳалла фуқаролар йиғинида лойиҳа қиймати 578 миллион сўм бўлган 100 ўринли замонавий боғча биноси фойдаланишга топширилди. 22-сонли “Кўзмунчоқ” боғчасининг тантанали очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар иштирок этди.

Унда қатнашган вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Солиев ҳамда туман ҳокими Ф.Умаровлар сўзга чиқиб, юртимизда мактабгача таълим соҳасида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратишди. Жумладан, вилоятимизда 2021 йилга қадар ҳудуларда юзлаб янги боғчалар фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида ҳар йили ўртача уч минг нафардан бола боғчаларга қамраб олинади.

DSC_0722

Тадбир иштирокчилари бинода болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишаркан, бу ерда ёш авлод учун барча қулайликлар яратилганига гувоҳ бўлишди. Хусусан, хорижий тилларни ўрганиш ва бошқа йўналишларда муассаса барча зарур адабиётлар ҳамда мультимедиа жиҳозлари билан таъминланган.

– Муассасамизда 5 та гуруҳ ташкил этилган, – дейди МТМ мудираси Д.Рўзиқулова. – Машғулотларнинг сифати, тарбиячиларнинг иш тажрибаси ҳамда болажонларнинг овқатланиш шароитларига алоҳида эътибор қаратганмиз. Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида иш бошлаган янги боғча ўйлаймизки, маҳалла аҳли учун муносиб туҳфа бўлди.

Мактабгача таълим тизими – чуқур билим эгаллаш ва тарбиянинг пойдевори. Эртамиз эгалари учун амалга оширилаётган бу каби ишлар уларнинг порлоқ келажаги ана шундай мустаҳкам асосда юксалаверишини таъминлайди.