Bosh sahifa E'tirof Карманалик боғбон иссиқхонасида гуллар қийғос очилган

Карманалик боғбон иссиқхонасида гуллар қийғос очилган

0

Вилоятимизда боғдорчилик соҳаси ривожланиб борар экан, бу жараён ҳудуд миришкорлари томонидан лимон, банан, мандарин, хандон писта, арчанинг ноёб турларини парваришлаш, гул кўчатлари етиштириш каби саъй-ҳаракатларда яққол кўзга ташланмоқда.

Мазкур соҳада 34 йиллик тажрибага эга карманалик Элмурод Кенжаевнинг фаолияти навоийлик тиниб-тинчимас боғбон сифатида таҳсинга лойиқ. Унинг раҳбарлигидаги “Саид бобо Кенжаев” фермер хўжалиги йилига 60 минг туп гул ҳамда 40 минг туп дарахт кўчатлари етиштириб беряпти.

5,5 гектар майдонда боғдорчилик ҳамда кўчатчилик билан шуғулланиб келаётган хўжаликда шу кеча кундузда ҳам қизғин иш жараёни кечмоқда. Ҳозирда 8 сўтих майдонда барпо этилган иссиқхонада 10 турга яқин гуллар парваришланиб, келгуси ойдан буюртмачиларга етказилиб берилади.

   – Боғдорчилик бизга отамерос касб, – дейди Э.Кежаев. – Ёшлигимизда дарахт ўтқазиш-у, пайвандлаш сир-асрорларини бевосита отамиздан ўрганганмиз. Кейинчалик, шу соҳада тадбиркорлик фаолияти олиб боришни режалаштирдик. 2003 йилда боғдорчилик хўжалиги ташкил қилинди. Кўчат етиштириш борасидаги ишларимизни ривожлантирдик. Натижада доимий ва мавсумий ишчиларимиз сони кўпайди. Бундай саъй-ҳаракатлар хўжалигимиз ривожида ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Бугунги кунда 10 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган хўжаликда ходимларнинг боғдорчилик сирларини пухта ўргангани парваришланаётган маҳсулот ўз вақтида етиштириш имконини беряпти.

– “Виола”, “Шафран”, “Салвия”, “Катарантус”, “Петуня”, “Гансалия”, “Райҳон” каби гулларни ўстиряпмиз, – дейди хўжалик ишчиси Нурия Кенжаева. – Гулчиликнинг ўзига хос машаққати ҳамда завқи бор. Сабаби, қиш мавсумида иссиқхонадаги ям-яшиллик, табиатнинг турли рангларида гавдаланган манзара ҳар бир кишида ажойиб таассурот қолдиради. Келгусида Голландияда етиштириладиган гул турларини парваришлашни йўлга қўймоқчимиз. Харидорларнинг маҳсулотларимиздан мамнунлиги бизни янги ташаббуслар устида иш олиб боришга ундамоқда.

Хандон писта кам сув талаб қиладиган, чўл ҳудудларига мос ўсимлик саналади. Шунга кўра вилоятимизнинг тоғли ҳамда чўл ҳудудларида пистазорларни ташкил этиш ҳудуд боғдорчилиги тараққиётига хизмат қилади. Хўжалигида ана шу омил инобатга олиниб, икки минг туп хандон писта кўчатлари парваришланмоқда. Бундан ташқари, беш йил аввал хўжалик иссиқхонасига 10 тупга яқин банан ўсимлиги келтирилиб ўтқазилган эди. Жорий йилда улар ҳосилга ҳам кирди. Зайтун, апельсин, мандарин, чилонжийда, унаби каби ҳамда интенсив дарахтлар кўчатларини етиштириш борасида ҳам бир қатор режалар белгилаб олинган.

Наботот илмини пухта ўзлаштирган ота-боболаримиз ободлик йўлида дарахт экиб, боғ яратишаркан, “Ўтган-қайтганга наъфи тегсин”, деган улуғ ақидага амал қилишган. Ана шундай юксак мезон билан қарайдиган бўлсак, вилоятимиз боғбонларининг бугунги фаолияти ҳам эътиборга молик. Мазкур кўҳна қадриятнинг илм, қолаверса тадбиркорлик билан уйғунлашгани эса соҳа ривожида муҳим омил бўлмоқда.