Bosh sahifa Ijod Карманалик шоир Одил Ҳотам: “Ватан сийратидан тўлишар олам”…

Карманалик шоир Одил Ҳотам: “Ватан сийратидан тўлишар олам”…

0

Ватан – илҳом мавжлари тубидаги инжуларни, кўнгил махзанининг ҳайратини ижодкор руҳига бахш этувчи тириклик мезони. Шу боис, унинг ҳикматини англаш йўлида қалам аҳли тер тўкар экан, ҳар бир сўз, ҳар бир овоз янги оҳангларда янграйди. Забардаст ижодкор, вилоятдошимиз Одил Ҳотам ижодида ҳам бу мавзу энг ёниқ фикрлар билан баён этилган. Қуйидан шоирнинг Ватан, тарих мавзуларидаги шеърлари ўрин олган.

 

 ВАТАН…

Тарихингни ўқиб-ўқиб бўлдим толиб,

Сурурингга, ғурурингга тўлдим олиб,

Охир бир кун ўз-ўзимдан келдим ғолиб,

Китобларим вароғида кўрдим сени…

 

Ёғий келса найза бўлган, қилич бўлган,

Хоинларга олтин, мансаб, ўкинч бўлган,

Ўғлонларга сўнгги нафас, ўтинч бўлган,

Боболарим яроғида кўрдим сени…

 

Ёруғ олам қасди борми Туронларда,

Бошгинамни асрадинг не қиронлардан,

Номусингни асрадинг не суронлардан,

Момоларим қароғида кўрдим сени…

Аҳли дониш давраларга ўзинг бошсан,

Иймон, инсоф, эътиқодда чўнг бардошсан,

Дўст деб қўлин чўзганларга жон қардошсан,

Истиқболим чароғида кўрдим сени…

БИЛИНГКИ…

Улуғ боболарим ёққан тафаккур

Чироқлари қўлдан тушмагай асло.

Мозийлар ғорини ёндирган шуур

Ифоридан сим-сим ранг олар дунё.

 

Биламан, ҳавога учмас сўзларим,

Камондай нишонга шайлангусидир.

Керак бўлса юрт деб, ўғил-қизларим,

Ҳар бири найзага айлангусидир.

 

Биламан, ҳар куни йиғламас одам,

Ҳуда-беҳудага кулмас ҳар куни.

Ватан сийратидан тўлишар олам,

Нурли сувратининг қуёш мафтуни.

Бухорий пойида норғул қаддини,

Тик тутиб, меҳрдан эримаса гар,

Зиёрат қилганда Нақшбандийни —

Юрак, таним сим-сим титрамас, агар…

 

Кимки диёри деб йиғлай олмаса,

Кула олмаса ҳеч тупроғидан маст.

Керак бўлса ўзин ўтга солмаса…

Бор бўлса… бундайлар бизлардан эмас…

 

***

Ватан — оддий харита эмас,

Ё шунчаки жуғрофий ҳудуд.

Ғофилларга бирор сўз демас,

Турғун  тоғлар, оқ, оппоқ, булут.

 

Дарёларнинг  тархи, тақдири —

Тўрт  унсурдан шаклу шамойил.

Барчасида зоҳир Ҳақ сири,

Барчасига азал — тамойил.

 

Айри-айри эмас қон ва жон,

Тупроқ ўзга, гарчи, тан ўзга.

Ҳур фасллар — фалсафа, имкон —

Ранглар ҳадя қилар зардўзга.

Табиат ва тарих бир бутун,

Тонглар она сути каби оқ.

“Валфажр” — бу илоҳий бир ун —

Юракларга сиғмаган титроқ…

 

Капалакнинг қанотларидан,

Бино бўлгай исмсиз бир ел.

Миноралар баётларидан,

Уйғонади фикри уйғоқ эл.

 

… Самарқанду Бухоро — жоним —

Эътиқодим Чўлпонларидир.

Хастимом, Хива, Қўқоним,

Ҳур тафаккур вулқонларидир.

 

Мангу ғурур — Соҳибқиронга,

Етай дейди авлодлар ўсиб.

Таърифингни, сиғмай жаҳонга,

Куйлаб ўтди Муҳаммад Юсуф.

 

… Ватан — оддий харита эмас,

Ё шунчаки жуғрофий ҳудуд.

Ғофилларга бирор сўз демас,

Турғун тоғлар, парвона булут…

 

***

… Яшолмаса Ватан шеърсиз,

Йил, ой не гап, бир куни.

Шунда мени шоир дерсиз,

Унутсангиз исмимни.

 

Шошма шеърим, шошма шеърим,

Акси бўлса нетарман?

Ўғри елга умрим бердим,

Ўғри бўлиб кетарман.

 

Кечаверсин йиллар беғам,

Гуллайверсин не баҳор.

Унгача мен оддий одам,

Унгача мен хизматкор —

… Яшолмаса Ватан шеърсиз.

 

ОЛТИН БЕШИК

Зулмат аро қайда чарақласа нур,

Унга талпинади жами одамзод.

Ҳеч қачон эгасиз қолмас тилло, дур,

Эгасиз эмасдир тириклик, ҳаёт.

 

Нажотсиз, ниятсиз қолганда башар,

Лоқайдлик қуйқаси этганида ғарқ.

Минг бир тус миллатлар гарангсиб яшар,

Илм-фан қуёшин ёқди ғолиб Шарқ.

 

Тамаддун қадамин келмасдан гали,

Боболар саноқда, ҳисобда ўзган.

Беруний ер остин тузса жадвалин,

Улуғбек юлдузлар жадвалин тузган.

 

Абу Райҳон бобом, донишманд бобом,

Унга кўксин очган ер билан осмон.

Халқларнинг қулоғи битганида том,

Ҳиндга таништирди надир “Ҳиндистон”.

 

Навоий бошлаган ғазал карвони,

Кўнгил саҳросига сочди чечак, гул.

Ақлимиз, сўзимиз тутди дунёни,

Ўзбекнинг равиши жаҳонга мақбул.

 

… Дунёнинг эгаси —Яратган ўзи,

Ватаним эгаси — ҳур, бунёдкор халқ.

Бошинг узра порлар шараф юлдузи,

Ўзлигингдан ўздинг, қолди ўтмиш талх.

 

Шу замин бор экан, маъдан, махзаним,

Тафаккур — мангулик сари эшиги.

То қуёш порлагай, бор бўл, ВАТАНИМ —

Буюк даҳоларнинг олтин бешиги.