Bosh sahifa Mualliflardan КИТОБ, КИТОБХОНЛИК, КУТУБХОНА — МАЪНАВИЯТНИНГ УЧ ИЛДИЗИ

КИТОБ, КИТОБХОНЛИК, КУТУБХОНА — МАЪНАВИЯТНИНГ УЧ ИЛДИЗИ

0

Юртимизда китобхонлик маданиятини янада юксалтириш, ёш авлодни мутолаага ундаш каби вазифалар олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2017йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойишида ҳам бу вазифалар кенг қамровда ўзининг аниқ ифодасини топган.

Бир ўзак, бир мақсад «Китоб», «китобхонлик», «кутубхона» сўзларининг ўзаги аслида арабчадан олинган ва бир мақсадга, яъни инсон маънавиятини бойитишга хизмат қилади.

Китоб–туганмас хазина, ундан олган билимларни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг ундан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешловчи қайроқдир. Китоб тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлаб, қадрига етади, севиб мутолаа қилади.

Буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари «Китоб беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи», дея таъкидлаган бўлса, соҳибқирон бобомиз Амир Темур «Китоб барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир», дея уқтирган. Маънавий жасорат соҳиби деб ардоқланган атоқли адабиётшунос олим ва таржимон Озод Шарафиддинов дунёдаги етти мўъжизага таъриф бериб «…етти мўъжиза инсон ақлининг, тафаккурининг, қалбининг оташин мадҳияси, инсон даҳосининг улуғлигига қўйилган мангу обида бўлиб келмоқда. Бироқ, шундай бўлса-да, оламда яна бир мўъжиза борки, унинг буюклиги, муқаддаслиги етти мўъжизанинг жамики улуғворлиги, гўзаллигидан камлик қилмайди. Бу мўъжиза китоб. Китобнинг мўъжиза, мўъжиза бўлганда ҳам биринчи мўъжиза эканлигини кўпгина буюк одамлар қайд қилган» деб ёзади.

Китобнинг биринчи мўъжиза эканига бутун вужуди билан ишонган адабиётшунос олим фикратининг теран томирлари қандайсарчашмалардан сув ичганини галдаги мулоҳазаларимиз тасдиқлайди. Жумладан, ёзувчи ва драматург С.Цвейг «Қаердаки китоб бор экан, у ерда одам ўзи билан ўзи узлатда, ўз кўлами доирасида қолиб кетмайди, у ўтмиш ва бугунги куннинг барча оламшумул ютуқларига, бутун инсониятнинг фикр ва туйғуларига ошно бўлади», деб ёзади. Ёзувчи ва файласуф Ж.Свифт «Китоблар ақп фарзандларидир», деса, педагог ва ёзувчи Я.Коменский «Китоблар донишмандликни ёйиш қуролидир», дейди. Кўриниб турибдики, маънавий камолотга етакловчи беминнат устоз ва битмас-туганмас маънавият махзани саналган китоб ҳақидаги фикрларни бир жойга жамласа, уларнинг ўзи бир китоб бўлиши, шубҳасиз.

Китобхонлик эҳтиёжга айланмоғи зарур Зиё нурига чўмган оиланинг фарзандлари, шубҳасиз, Ватанимиз келажаги, халқимиз ишончи ва таянчидир. Бу бизнинг. бугунги хулосамиз. Бироқ бундан ярим аср олдин оддийгина ишчи бўлган отам бепоён юртимизнинг энг чекка гўшасида жинчироқ ёруғида фарзандларига асрий асотирлару ардоқлт адиблар асарларини ўқиб берганида ҳаёлидан нималар ўтган экан? Эҳтимол, китобнинг маънавият хазинаси эканини теран англагани учун ҳам, ишдан ҳориб-толиб келишига қарамасдан, китобхонликни канда қилмагандир. Балки, замон тўлқинларида сузувчи ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга авайлаб элтувчи тафаккур кемалари бўлган китоблар кун келиб фарзандларини камолот соҳилига етказишини орзулагандир.

Содиқ ТЕШАЕВ, Навоий шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили, катта лейтенант.