Bosh sahifa Mualliflardan Коммунал тўлов интизоми

Коммунал тўлов интизоми

0

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюросининг ташкил этилганлиги энергия ресурслари ва сувдан фойдаланганлик учун тўловларни ўз вақтида ундирилиши ва фуқароларнинг тўлов маданияти бир қадар юксалганлиги билан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Давлат инспекторларининг тўлов терминалларига эга бўлиб, тўловларни бевосита хонадонларнинг ўзида амалга ошираётганлиги ҳам фуқароларга қулайликлар туғдирмоқда.

“Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, айрим фуқароларнинг тўловларни ўз вақтида амалга оширмасликлари натижасида қарздорликлар келиб чиқмоқдаки, бу ҳолат пировард натижада маҳаллаларнинг тўлов интизомида ўз аксини топмоқда.

2018 йил якунларига кўра, МИБ Марказий аппаратида республика миқёсида маҳаллаларнинг тўлов интизоми ўрганилиб, умумлаштирилиши натижасида Навоий шаҳрида ҳам шундай маҳаллаларнинг мавжудлиги кузатилган. Ўз эҳтиёжлари учун табиий газдан, электр энергиясидан ва сувдан фойдаланиб, тўловга келганда эса тўламасликнинг турли хил йўлларни излайдиган кимсаларнинг бундай қилмишлари маҳалланинг кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бундай маҳаллаларда яшаётган фуқаролар нафақат тўлов интизомини бузиш, балки энергия ресурсларидан ҳам ноқонуний фойдаланаётганликлари аниқланмоқда. Жумладан, фуқаро Камалов Тўлқин (Исми шарифи ўзгартирилган) яшаш хонадонида электр энергиясини ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатиб, яшаш хонадони учун электр энергиясига жуда кам миқдорда пул тўлаб келаётганлиги аниқланган. Текширишлар натижасида ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатилганлиги аниқланди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддасига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирилиб, қонуний чора кўрилди.

Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида кузатилмайдиган маҳалла институтини бизнинг ҳаётимизда таъсири муҳим аҳамият касб этишини инобатга оладиган бўлсак, тўлов интизомини юксалтириш учун маҳалла билан биргаликда фаолият олиб борилса, тўлов интизоми паст фуқаролар ҳам, тўлов интизоми паст маҳаллалар ҳам бўлмайди.

Ш.БАХРОНОВ, МИБ Навоий шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари.