Bosh sahifa Jamiyat Конимехлик оилавий тадбиркор: “Кредит олишдан чўчимаслик керак. Муҳими пухта бизнес режа ва...

Конимехлик оилавий тадбиркор: “Кредит олишдан чўчимаслик керак. Муҳими пухта бизнес режа ва ташаббускорлик”

0

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айниқса, қишлоқ жойларда фуқароларнинг оилавий тадбиркорлигини ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Хусусан, вилоятимизнинг Конимех туманида ҳам мазкур қарор ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Туманда биргина Давлат солиқ инспекцияси раҳбарлик қилаётан 4-сектор ҳудудида “Гулистон”, “Кўкча”, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда “Янгиғазғон” овул фуқаролар йиғини жойлашган бўлиб, мазкур ҳудудлар аҳолисининг қарийб 200 нафари имтиёзли кредит асосида ўз оиласида тадбиркорлик билан шуғулланаяпти.

Жумладан, туманнинг “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Саидаҳмад Турдиев нафақада бўлсада, 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, томорқасидаги бедазорнинг бир сотих қисмида иссиқхона ташкил этди. Дастлаб қишда исмалоқ етиштирди, айни пайтда бодринг парваришламоқда. Натижа ёмон эмас. Ҳар икки-уч кунда ҳосил йиғиб, бозорга топширади. Рўзғори бут, оилавий даромади барқарор.

Шунингдек, мазкур маҳаллада яшовчи Дилфуза Собирова ҳам жорий йил бошида 30 миллион сўм имтиёзли олиб, қуён парваришини йўлга қўйди. 60 бош қуёнлар бугун 100 дан ошди. Тадбиркор аёл яқин кунларда тумандаги хусусий ва давлат мактабгача таълим муассасаларига гўшт етказиб бериш тараддудида. Демак, парҳезбоп ва сифатли қуён гўштига талаб юқори. Энг муҳими, ишбилармон опанинг бизнес лойиҳаси тез кунда ўз самарасини бера бошлайди.

Конимех туман Давлат солиқ инспекциясидан маълум қилишича, сектор ҳудудидаги маҳаллар аҳолисидан имтиёзли кредитлар олиш бўйича яна 20 дан ортиқ лойиҳалар олинган бўлиб, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тегишли ҳужжатлар тижорат банкларига тақдим этилмоқда.

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи Нуриддин РАХИМОВ