Bosh sahifa Ijod Лайлакнинг қарғиши (Бўлган воқеа)

Лайлакнинг қарғиши (Бўлган воқеа)

0

Азамат баттол (ўжарлиги сабаб одамлар орқаваротдан уни шундай деб аташарди) ўзига тўқ одам – яхши жойда ишлаши, мўмайгина даромади сабаб унда бир инсон орзу қиладиган ҳама нарса – машина, уй-жой, ҳаттоки дала ҳовли ҳам бор.

Бандасининг кўзи тўймаса, қаноатни билмаса ёмон экан. Шунча мол-давлати бўлатуриб, иш-эрмаги, роҳати ов эди.

Ҳовлиси ёнида катта бир гужум дарахти бўлиб, унда ин қурган лайлак ҳар йили тухум қўйиб, бола очар ва учиб кетарди. Бу йил ҳам май-июнь ойларининг илиқ-иссиқ кунларида лайлак боласи тухумдан чиқиб қолган пайтлар… Эрталаб саҳардан лайлак полапонларига овқат топиб келар ва овоз чиқариб бақириб-чақирарди. Кечаги улфатчиликдан шундоғам боши оғриб турган “бой ака”га бу шовқин ёқмади. “Оббо, шу занғардан ҳеч қутулолмадим-қутулолмадим-да”, деб ўйлади Азаматбой майкачан ҳолда оёғига шиппагини илиб, ичкиликдан қизариб-қисилган кўзларини зўрға очиб, айвонга чиқар экан.

— Ўв, хотин, қанисан, олиб чиқ милтиқни! – бақира кетди у. – Шу лайлакнинг овозини эшитишни хоҳламайман!

– Бечора сизга нима қилди, у ҳам болаларини деб қайғураяпти, ахир! – ошхонада куймаланаётган хотини ҳовлига чиқаркан шундай дея ёлборди. Эри унга ғазаб билан бир ўқрайиб қаради-да, уйдан милтиғини ўзи олиб чиқиб, ариқ бўйлаб дарахт олдига пусиб борди. Разм солиб боқса, лайлак болаларига хўрак бераётган экан. Жаҳл устида лайлакка ўқ узди. Гумбурлаган овоздан сўнг қонга беланган лайлак танаси пастга қуларкан, қанотларини ёйиб учишга уринар, полапонлари томон интиларди. Бироқ, ерга қулагач, потирлаганча болаларига анча вақт тикилиб турди-да, сўнгра аста бошини ерга қўйди.

….Ҳаммаси ана шундан сўнг бошланди. Аввалига, баттолнинг тушларига унга маъюс боқиб турган лайлак ва унинг норасида полапонлари кирадиган бўлди. Бу орада бирор маротаба ҳам касал бўлиб ётмаган хотини тандирдан нон узиб турган чоғи миясига қон қуйилиб, жон берди.

Онанинг вафотидан кейин оилада қора кунлар бошланди. Фарзандлар отаси билан жанжал қиладиган бўлишди-ю, хонадонда тинчлик-ҳаловат йўқолди. Азамат ҳеч ким билан маслаҳатлашмай бир аёлни уйига келтириб, унга уйланиб олди. Лекин шайтоннинг урғочиси бўлган бу аёл фурсат топиб, хонадондаги пул, қимматбаҳо дур-марваридларни ўмариб кетди.

Орадан кўп ўтмай хонадон соҳиби яқин дўстининг бева қолган қизига уйланди. Натижада фарзандларининг унга нисбатан совуқчилиги, гина-адовати янада кучайди. Улар оталарини ўз ҳолига ташлаб, кўчиб чиқиб кетишди.

Аза. Ҳамма жаноза намозини кутмоқда. Мункиллаган отахон жамоатга яқинлашади. Бу ўша Азамат баттол! Бир пайтлар қамчисидан қон томган, ўзига бино қўйган бу одамнинг соясига ҳам салом беришар эди. Энди эса ниҳоятда афтодаҳол бир кимсага айланиб қолган. Ўзига таниш чоллар ёнига бориб ўтираркан, улар билан ҳол-аҳвол сўрашгач, маййитнинг ўлими сабаби ҳақида сўрай кетди. Сўнгра ундан соғлиғини суриштирганларга эски дарди уни ҳамон безовта қилаётганини яшириб ўтирмади:

– Мен уйқумда фақат бир лайлакнинг қонга беланганини ва у менга қараб илтижо қилаётганини кўраман. Қани энди, ўша кунлар қайтиб келса-ю, мен ўша мудҳиш ишни қилмасам. Афсус…

Ҳа, Яратган зулмга йўлиққан ҳеч бир жоннинг ҳаққини ўз ҳолига асло ташлаб қўймайди. Ҳаётнинг ўйинини қарангки, баъзан бировнинг касри унинг яқинларига ураркан…

                 Жамолиддин АҲТАМОВ, журналист.