Bosh sahifa Mualliflardan Лойиҳалаш ишлари учун лицензия олиш осонлашди

Лойиҳалаш ишлари учун лицензия олиш осонлашди

0

Юртимизда кун сайин одамларнинг умр кечириши учун меҳнат шароитлари яхшиланиб, ижтимоий ҳаётдаги бюрократик тўсиқларга барҳам берилмоқда.  Ҳар соҳада бундай имкониятларни кўрасиз. Дейлик, биргина қурилиш қилиш учун қанча маш-машага гувоҳ бўлиш мумкин эди.

Шунинг учун ҳам муқаддам архитектура ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятига лицензия олишнинг мураккаб ва машаққатли юмушларидан чарчаган тадбиркорларнинг нолалари тез-тез қулоққа чалиниб, уларнинг лицензия олишлари учун пойтахтга бориб келишларининг чеки-чегараси  йўқдек туюларди. Авваллари бундай лицензия олишнинг мураккаб босқичини эшитган фуқаролар тадбиркорликнинг бу тури билан шуғулланиш истагидан осонгина воз кечиб қолишган. Боиси қанчадан-қанча фуқароларимиз лойиҳа-ҳужжатларини тайёрлатиш учун бир неча кунларини сарфлаб бошқа вилоятларга «бўзчининг мокиси»дай қатнашларига  тўғри келган.

Эндиликда Президентимиз ташаббуси билан бундай оворагарчиликларга чек қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 майдаги “Қурилиш соҳасида айрим фаолият турларини лицензиялаш ва аккредитация қилиш тўғрисида”ги 381-сонли қарорига асосан Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни лицензиялаш Давлат хизматлари марказлари орқали амалага оширилиши белгиланган бўлиб, лицензия олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар бир мунчага соддалаштирилган.

Низомга мувофиқ, лицензия олиш учун Давлат хизматлари марказларига лицензия олувчининг ўзи келиб мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади.

Сўровнома тўлдирилади ҳамда унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • соҳа бўйича маълумотга эга бўлган муҳандислар ва лойиҳа архитекторлари, бош ҳамда етакчи мутахассислар дипломлари;
  • корхонага ишга қабул қилинганлик тўғрисидаги буйруқлар нусхалари;
  • зарур бино-иншоот ҳамда асбоб-ускуналар ва инвентарнинг талабгорга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари.

Давлат хизматларини кўрсатилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади, холос.

Қолган юмушларни марказ ходимлари ва вазирликлар уддалайдилар. 7 иш кунида лицензия талабгор қўлида бўлади. Мазкур қарор билан берилган бундай енгилликлар туфайли тадбиркорликнинг ушбу тури билан шуғулланадиган фуқароларимиз сафи янада кенгаяди, деган умиддамиз.

Жасур ШОДИЕВ, Хатирчи туман ДХМ бўлим бошлиғи.