Bosh sahifa Jamiyat Маҳалла гузари, кутубхона, савдо дўкони, сунъий қопламали спорт майдони – овул аҳолиси...

Маҳалла гузари, кутубхона, савдо дўкони, сунъий қопламали спорт майдони – овул аҳолиси учун

0
фото: www.uchquduq-gazeta.uz

Учқудуқ туманининг Қулқудуқ овули вилоят маркази — Навоий шаҳридан 450 километр олисда жойлашган. Вилоят ДСБ бошлиғи сектори ҳудуди бўлган мазкур аҳоли пункти масофанинг узоқлиги боис анча йиллар эътибордан четда қолиб, овул фуқаролари учун замон талаблари асосида шарт-шароитлар яратиш ишлари суст давом этди.

Жорий йилнинг март ойида вилоятнинг бошқа ҳудудлари қатори мазкур овулида ҳам “Обод қишлоқ” дастури доирасида қурилиш, ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилиб, бугунги кунда Қулқудуқ буткул ўзгача қиёфа касб этмоқда.

Мазкур қишлоқдаги 134 та хонадонда 706 нафар аҳоли истиқомат қилади.  Овулга кираверишдаги 3-сонли “Булдуршин” болалар боғчаси 935 миллион сўм маблағ ҳисобига қайтадан таъмирланган. Бу муассаса қишлоқ кичкинтойларининг севимли масканига айланди. 1,2 миллиард сўм маблағ сарфланиб мукаммал таъмирланган 1-сонли мактаб биноси ҳам қишлоқ жамолига ярашиб турибди. Кенг ва ёруғ, шинам синфхоналар, спорт зали, кутубхонага қараб кўзингиз қувончдан порлайди.

 “Саломатлик – туман бойлик”, дейди доно халқимиз. Фуқароларимиз саломатлиги, хусусан тиббий маданиятини ошириш юзасидан олиб борилаётган салмоқли ишлар овулни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Аҳолига сифатли  тиббий хизмат кўрсатиш учун ҳам 316 миллион сўм атрофида маблағ ажратилиб, овулдаги ҚВП мукаммал таъмирланди ҳамда зарурий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Президент совғаси сифатида берилган тез ёрдам машинаси эса кечаю-кундуз халқ хизматида. Қишлоқда маҳалла гузари, ҳаммом, кутубхона, савдо дўкони, сунъий қопламали спорт майдони каби  объектлар қурилиб, аҳоли учун фойдаланишга топширилди. Бу хайрли ишлар учун қарийб 1 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилди.

Жаҳонгир УМИРЗОҚОВ