Bosh sahifa Jamiyat МАҲАЛЛИЙ ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИЛАРНИНГ  ЭКСПОРТ ИМКОНИЯТЛАРИ ОШМОҚДА

МАҲАЛЛИЙ ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИЛАРНИНГ  ЭКСПОРТ ИМКОНИЯТЛАРИ ОШМОҚДА

0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳсулот ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлик субъектлари учун экспорт шароитини яхшилаш, уларни кўллаб-қувватлаш ва  фаолиятини суғурталаш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. 

 Давлатимиз раҳбарининг яқинда, 21 октябрь куни эълон қилинган “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам айнан республика ижтимоий–иқтисодий тараққиётининг ҳозирги босқичида экспорт ҳажмларини кўпайтириш орқали макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, тайёр маҳсулот етказиб берувчиларни қўшимча молиявий ва ташкилиш рағбатлантиришга қаратилган. 

Мазкур фармонга асосан экспорт билан шуғуллунувчи тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб имтиёзлар ва имкониялар бериш билан бир қаторда Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ташкил этилиши ҳам белгиланди. Энг асосийси эндиликда тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун молиявий ресурлар ажратилиши ҳамда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан экспорт қилувчиларга тижорат банкларининг экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлари учун бериладиган кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик берилади. Бу эса ўз навбатида экспорт фаолияти билан шуғулланувчи табдиркорлик субъектлари учун аҳамиятлидир.

Экспорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари манфаатида қабул қилинган фармонда берилган имтиёзлар ва имкониятлар ижроси юзасидан Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон банклари ассоциацияси масъул қилиб белгиланди.

Шу ўринда таъкидлаш керак, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳам экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Палатанинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан жорий йил аввалидан бугунга қадар ўнлаб маҳаллий тадбиркорлик субъектларига ўз маҳсулотларини Туркия, Эрон, Иордания, Россия, Қозоғистон ҳамда Туркманистон давлатларига экспорт қилишда амалий ёрдам кўрсатилди ва бу жараёнлар яна давом этмоқда. Экспорт масаласида муаммога дуч келаётган корхоналар фаолияти ҳам ўрганилиб, 9 ойи давоми 24 та шундай масала ўрганилиб, ечими юзасидан кўмак берилди.  Экспорт имкониятига эга корхоналарнинг асосий муаммоси хорижда харидор топиш, экспорт ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда экспорт шартномалари тузиш билан боғлиқ. Бу борада тадбиркорларга тегишли консальтинг хизматлари кўрсатилди. Шунингдек, Навоий вилоятининг экспорт географиясини кенгайтириш бўйича бир қатор таклифлар ҳам ишлаб чиқилди. Жумладан, вилоятда мавжуд бўлмаган мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш линиялари бўйича Туркия, Хитой, Украина ҳамда Россия давлатларидан ускуналар тўғрисида тижорат таклифлари олинди. Бугунги кунда иккита йирик корхона учун шартномлар имзолаш жараёнида, мазкур лойиҳани вилоятда жорий қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

 Бошқарма томонидан Туркия ва Хитой компаниялари билан ҳамкорликда 4 та учрашув ташкил этилиб, унда чет эллик ҳамкорлар ҳамда маҳаллий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштироки таъминланди. Шу билан бирга қарийб 80 нафар маҳаллий тадбиркорларимизнинг халқаро кўргазма-ярмаркалар ва бизнес-форумларда иштироки таъминланди. Натижада ўнлаб корхоналар раҳбарлари палата аъзолигига қабул қилинди. 

Умуман олганда, президентимизнинг юқоридаги фармони ижроси мазкур жараёнларни — “Made in Uzbekistan” бренди остидаги маҳсулотларининг жаҳон бозорига тобора кириб боришини янада жадаллаштиради. Буни тўғри англаган тадбиркорларимизнинг бугунги кунда фаол ишлаб, янги лойиҳалар устида ишлаётгани эса келгусида кутилаётган натижаларнинг жараёнга мос бўлишини кўрсатмоқда.  

Раҳматулло ИБРОҲИМОВ, Ўзбекистон Республикаси  Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи.