Bosh sahifa Jamiyat Маҳаллий олимларнинг илмий ишланмалари намойиш этилди

Маҳаллий олимларнинг илмий ишланмалари намойиш этилди

0

Навоий давлат кончилик институтида Фанлар академиясининг илмий муассасалари ва тегишли университетлари иштирокида импорт ўрнини босиш, маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқаришга оид муаммоларни ҳал қилишга бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда ФА нинг Материалшунослик, Ядро физикаси ва Физика-техника институтлари ҳамда Ўзбекистон миллий университетнинг олимлари ўз ишланмаларини НКМКнинг етакчи мутахассислари ва ФАнинг Навоий бўлими олимларига ҳамда НДКИ ўқитувчиларига тақдим этдилар.

ФАнинг Навоий бўлими раиси А.Мирзаев тадбирни очиб берар экан бундай семинарлар олимлар учун ҳам, ишлаб чиқарувчилар учун ҳам фойдали эканлигини таъкидлади. Бу бир томондан корхоналарда техник, технологик ва экологик муаммоларнинг мақбул ечимини топишга, иккинчи томондан олимларнинг узоқ муддатли ишларини тижоратлаштиришга имкон беради.

Шуни таъкидлаш жоизки, тақдим этилган кўплаб ишланмалар маҳаллий ва хорижий корхоналарда саноат синовларидан ўтган. Масалан, Материалшунослик институти олимлари юқори самарали ва энергия тежайдиган пайвандлаш материаллари, таркибий металлар ва қотишмаларни пайвандлаш технологиясини, сурков материаллар учун фаол керамик қўшимчаларни тақдим этдилар. Металл ва бошқа материалларнинг коррозияга чидамлилигини 5 баравар оширишга имкон берадиган бўёқлар ва лакларни полимеризация қилишнинг инновацион технологияси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ишланманинг муаллифлари сўзларига кўра, технология Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг сульфат кислота ишлаб чиқариш корхонасида муваффақиятли синовдан ўтган. Шу билан бирга, полимеризация вақти 7 кундан 1,5 соатга қисқартирилди. Шу тарзда бўялган ва ишлов берилган юза бир йил давомида агрессив муҳитда чидаб келяпти.

Ядро физикаси институти вакиллари сувни тозалаш ҳамда рух чангини ва бошқа материалларни янада майдалаш технологияларини намойиш этдилар. Биринчи ҳолда сув тозалаш тизимларида барча зарур санитария-эпидимиология хулосалари ва Ўзстандарт агентлигининг мувофиқлик сертификатлари мавжуд. Иккинчисида майдалаш жараёнида ултратовуш ишлатилади. ОКМКда саноат мосламаси жорий этилган.

Физико-техника институтининг гибрид фотоэлектрик тизимлари 150 Вт электренергияни ва 60 даражагача илиқ сув олиш имконини беради. Ҳозирги вақтда ишлаб чиқарувчилар тизим имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида унинг конструкциясини такомиллаштириш ишларини давом эттирмоқдалар.

Миллий университет олимларининг ишланмалари асосан кимё билан боғлиқ эди. Улар орасида — турли хил органик бирикмалар синтези технологияси, флотацион реагентлар, сувни тозалаш учун сорбентлар ва бошқалардир.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш ва алоқалар алмашиш муҳимлигини таъкидлаб, жойларда дастлабки синовлардан сўнг ИТИ ва НКМК ўртасида хўжалик шартномаларини имзолаш тўғрисида келишиб олдилар.

Февзи ИСТАБЛАЕВ, ФА Навоий бўлими матбуот котиби.