Bosh sahifa Jamiyat Мақсад битта – фуқароларнинг вақти ва нақдини тежаш

Мақсад битта – фуқароларнинг вақти ва нақдини тежаш

0

Дунёда халқни рози қилишдек савоб юмуш бўлмаса керак. Боболаримиз бежизга бу амал савобини Макка зиёратига тенглаштирмаганлар.

Бугунги кунда юртимизда аҳолига кўрсатилаётган сифатли ва тезкор давлат хизматлари, ходимларимизнинг хушмуомаласида ҳам аввало айни шу жиҳатлар муҳим мезон саналади. Хусусан, Навбаҳор туман давлат хизматлари марказида кунига 400-500 одамгача юмуши тушиб келади. Барчасининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантиришда кичик бир жамоанинг меҳнати ётибди.  Жорий йилнинг ўтган даврида аҳолига қарийб 5,5 мингта хизмат кўрсатилди. Жумладан, 56 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан тиклаган иморатига мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун аризалар олинди. Мазкур мурожаатларнинг аксарияти сайёр хизмат тадбири жараёнида, уйма-уй юриб қилинган тарғибот даврида қабул қилинди. Бу тадбирлар дам олиш кунларида ташкил этилди. Боиси, хонадон эгаларини шу кунларда ҳовлисида учратиш  мумкин, холос. Бундай тадбирларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, жойида аҳолидан сув, газ ва электр энергиясига уланиш бўйича аризалар ҳам олинади. Хуллас, сайёр хизмат туфайли фуқароларнинг ҳар қандай  муаммоларига ечим топиш имконияти бор. Рақамларга тўхталсак, 50 та газга уланиш, 17 та  электр энергиясига, 101 та сув тармоқларига уланиш бўйича мурожаатлар қабул қилинди.

Кўрсатилаётган сайёр хизматлар айниқса, тадбиркорлар учун қўл келмоқда. Йил бошидан тумандаги йирик савдо мажмуалари, буюм ва деҳқон бозорларида ўтказилган сайёр хизматлар туфайли 203 та тадбиркорлик субъектлари рўйхатга олиниб, 64 нафари қайта рўйхатдан ўтказилди.

Мақсад битта – фуқароларнинг вақти ва нақдини тежаш. Зеро, марказларга келиб овора бўлишга ҳожат йўқ. Энди марказ ходимларининг ўзи мобил хизмат билан  маҳаллангизгача боради.

Қаҳрамон ЖЎРАЕВ, Навбаҳор тумани ДХМ бош мутахассиси.