Bosh sahifa Jamiyat Мактаб ярмаркалари: расталарда 26 турдаги арзонлаштирилган маҳсулотлар

Мактаб ярмаркалари: расталарда 26 турдаги арзонлаштирилган маҳсулотлар

0

Янги ўқув йили олдидан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Навоий вилоятидаги 88 та савдо нуқтасида 10 августдан бошлаб мактаб ярмаркалари давом этмоқда.

Мазкур арзонлаштирилган павильонларда 26 турдаги ўқув қуроли ва жиҳози, шунингдек, пойабзал ва кийим-кечак сотуви йўлга қўйилган.

— Мактаб ярмаркалари фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда ишчи гуруҳлар тузилган, — дейди вилоят халқ таълим бошқармаси таълим сифати мониторинги бўлими бошлиғи А. Аҳмедов. — Маҳсулотларнинг аксарияти мамлакатимизда ишлаб чиқарилган бўлиб, уларда миллий қадриятлар, буюк замондошларимиз суратлари акс эттирилишига алоҳида эътибор қаратилган. Асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида мутасадди компания ва ташкилотлар етказиб бермоқда.

Вилоят марказидаги “Саховат бозори” МЧЖга қарашли Марказий деҳқон бозори ҳудудида ташкил этилган мактаб ярмаркаси айни кунда харидорлар билан гавжум. Савдо нуқталари тоза, озода, айниқса, уларнинг ҳар бирида терминал аппаратлари ўрнатилгани ҳам аҳолига манзур бўлмоқда.

— Биз, ота-оналар ҳар йил фарзандларимиз учун ўқув қуролларини айнан мактаб ярмаркасидан харид қилишга одатландик, — дейди Навоий шаҳри “Ўзбекистон” маҳалласидан келган Н. Бўронова. – Чунки бу ерда керакли ҳамма маҳсулотни топиш мумкин. Улар сифатли, нархи ҳам арзон. Аҳоли учун яратилаётган бундай қулайлик ва ғамхўрликдан барча хурсанд.

— Тумандаги 1-умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган ярмаркага ўғлим билан бирга келдик, — дейди томдилик Гулмира Баянасова. — Бу ерда харидорлар учун барча шароитлар яратилган. Сотувчиларнинг муомаласи ҳам жуда яхши. Ўғлим ўзига янги сумка, альбом, қалам танлади. Ўқув қуроллари ва жиҳозларни излаб, овора бўлиб бозор, дўконларга боришимизга ҳожат йўқ.

Мактаб ярмаркалари 10 сентябрга қадар давом этади.

Зебо Қутлиева, журналист