Bosh sahifa Yangiliklar “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби навоийлик Асадбек Тошпўлатов: “Онамни бахтли кўрганим мен...

“Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби навоийлик Асадбек Тошпўлатов: “Онамни бахтли кўрганим мен учун энг катта бахт”

0

Ҳаёт – танти. У ўзи каби мард,  олдига қўйган улуғ мақсадлари йўлида астойдил интилган, юксалиш сари тинимсиз ҳаракат қилган инсонларни қўллаб-қувватлайди,  улкан инъомлари билан сийлайди. Бу спортнинг қўл жанги тури бўйича икки карра жаҳон, икки карра Осиё ва бир нгеча марта мамлакат чемпионлигини қўлга киритган 18 ёшли Асадбек Тошпўлатовнинг хулосаси.  У Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июндаги қарорига асосан “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.

— 10 ёшимдан буён спорт  билан шуғулланаман, — дейди Асадбек Тошпўлатов. — Дастлабки пайтлар мунтазам машқлар натижасида мушакларим қаттиқ оғриғиган, чидаёлмай йиғлаган пайтларим ҳам бўлган. Ўшанда, “бўлди, эртага машғулотга брормайман, спорт мен учун эмас” деган қарорга ҳам келганман. Аммо, орият, табиатимдаги қайсарлик туфайли бошлаган ишимни ташлаб кетолмаганман. Кейинчалик эса спорт умр мазмунимга айланди, энди машқларсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман.

— Нега айнан қўл жанги спорт турини танлагансиз? Балки футбол, волейбол, баскетбол кабилар билан шуғуллансангиз осонроқ бўлармиди?

— Оилада уч ўғилмиз. Мени Навоий шаҳридаги “Кимёгар” клубига биринчи марта акам Аслбек олиб борган. Чунки акам ҳам қўл жанги билан шуғулланади. Айни пайтда у Қозоғистон Республикасининг Нефть ва газ институтида ўқияпти. Беш йил “Кимёгар” клубида шуғулландим. 2015 йилда илк катта ютуқни қўлга киритдим, Сурхондарёда  ўтказилган мамлакат чемпионатида биринчи ўринга сазовор бўлдим ва шундан сўнг мамлакат терма жамоасига қабул қилиндим ҳамда устозим Карим Холиқов қўл остида шуғуллана бошладим. 2016 йил ҳам мен учун омадли келди. Аввалига Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлдим, кейин Молдовада қўл жанги бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилдим.  Бу мен учун унутилмас воқеа бўлди, чунки “жаҳон чемпиони” деган шараф насиб этди. Ўшанда ватанпарварлик инсоннинг қонида бўлишини илк марта ҳис қилганман, байроғимиз кўтарилиб, мадҳтиямиз янграганда кўзларимда севинч ёшлари қалқиган, юрагим қинидан отилиб чиққудек потирлаган, тезроқ юртимга қайтишни, Ватаним тупроғини ўпишни истаганман.

Давоқе, мен Турон яккакураши билан ҳам шуғулланаман. 2016 йилда мазкур спорт тури бўйича Осиё чемпиони бўлганман.

— Ғалаба ўз-ўзидан келмайди, муваффақият замирида мағлублик сабоқлари ҳам бўлади. Эсингиздан чиқмайдиган мағлубият ҳам бўлганми?

— 2015 йилда Тошкент шаҳрида қўл жанги бўйича Ўзбекистон чемпионатида фарғоналик тенгдошим Улуғбек Мамадиев мендан устунлик қилган. Унга енгилиб, чемпионликни бой берганман. Ана шу мағлубият асло эсимдан чиқмайди. Очиғи, мусобақада ўзимга ишонган эдим, ўзига ишониш яхши, аммо рақибнинг имкониятларини, маҳоратини тан олиш ҳам керак экан. Шу мағлубият менга дарс бўлди. Кейинги кетма-кет эришган ғалабалар ана шу дарс сабоғи дейишим мумкин. 2017 йилда аввал Тожикистонда ўтказилган Осиё чемпионати ғолибликни қўлга киритдим, сўнг  Руминиянинг Рига шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам мутлақ ғолиб бўлиб, иккинчи бор дунё чемпиони бўлдим. Аммо, 2015 йилдаги мағлубиятим сабоғини унутганим йўқ. Айни пайтда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраяпман.

— Ҳозирда сиз Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги ҳузуридаги Навоий академик лицейи ўқувчисисиз. Ўқиш ва спортни бирга олиб бориш қийин эмасми?

— Келажакда Ички ишлар Вазирлиги академиясида ўқиш ниятидаман. Шу боис мазкур академик лицейга ўқишга кирдим. Тўғри, лицейда тартиб-интизом кучли, дарс қолдириш мумкин эмас, шунингдек дарсларни ўзлаштиришга ҳам талаб юқори. Биласизми, одам ҳаракат қилса, астойдил хоҳласа, ҳаммасига улгуради. Имкон қадар спорт билан тунда шуғулланаман. Қатъий кун тартибига амал қиламан. Эрталаб енгил батдантарбия ва нонуштадан кейин дарсга отлансам, ўқишдан қайтгач, бироз дам олиб, кейин дарс тайёрлайман. Ҳар куни кеч пайтида тўрт соатгача спорт билан шуғулланаман. Ўз номи билан қўл жанги, катта-қичик жароҳатлар олган пайтларим ҳам бўлади, аммо, ҳеч қачон машғулотларни ташлаб қўймайман. Менинг устимда ишлаётган устозларим Карим Холиқов ва Искандар Каримовларга раҳмат, улар ҳам мен таналаган режим асосида машғулот ўтаяпти.

— Спортдан ташқари яна нималарга қизиқасиз? Масалан, сизнинг тенгдошларингиз ижтимоий тармоқларда фаол…

— “Инстаграм” ва “Телеграм” орқали мусобақаларда орттирган дўстларим билан боғланиб тураман. Аммо, айримларга ўхшаб, телефон чуқалаб вақт ўтказмайман. Қолаверса, қўл телефони ёки компьютерга ортиқча берилиш саломатликка зарар, спортчи эса ҳамиша соғлом турмуш тарзига амал қилиши керак.

Оиламизда спорт билан бир қаторда санъатга ҳам қизиқиш ва эътибор юқори. Онам Ҳабиба Абдуллаева Навоий шаҳридаги “Ширин” маданият саройида бадиий раҳбар бўлиб ишлайдилар. Отам Зоҳиджон Умматов тадбиркор. Мен онамнинг касбларини жуда ҳурмат қиламан, санъатга жуда қизиқаман. Тенгдошларим билан рақс гуруҳи тузганмиз, лицейимизда ўтадиган тадбирларда “Лизгинка” рақсига тушамиз. Шунингдек, теннис, шашка-шахмат ҳам ўйнаб тураман.

— “Мард ўғлон” давлат мукфоти билан тақдирланганингизни эшитганингизда қандай ҳолатга тушдингиз?

— 30 июнь куни эрталаб Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят кенгашидан қўнғироқ қилиб, Ёшлар кунига бағишланган тадбирда сўзга чиқишим кераклигини айтишди. Тайёргарлик кўриш учун кенгашга келдим. Кун бўйи ҳеч ким мукофот олганимни айтмади, фақат, “Гала концертга ота-онангиз ҳам келишсин, сўзга чиққанингизни кўради” дейишди. Онамга қўнғироқ қилиб, концертга таклиф қилганимдаёқ улар “Болажоним, Худо хоҳласа сен бугун “Мард ўғлон”ни оласан, кўнглим сезим турибди” дедилар. Тантанали тадбир бошланиши олдидан ҳаммаси маълум бўлди, шунда бу ростлигини, оналарнинг кўнгли алдамаслигини билдим. Мукофотдан бошим осмонга етди. Мен ҳали Ватаним учун нима қилдим? Юртим, Юртбошим эса мени шунчалар қадрлади!. Бунинг учун ташаккур айтаман ва келажакда албатта бу ишончни оқлайман. Мени энг суюнтиргани эса волидамнинг юз-кўзларида фарзандидан фахрланиш туйғусини кўрганим бўлди, “мен энг бахтли онаман” дедилар. Фарзанд учун днёда онасини бахтли қилишдан кўра юксак бахт бўлмаса керак.

Холбиби САФАРОВА суҳбатлашди.