Bosh sahifa Jamiyat Марказий Осиёдаги ягона “Жайрон” қўриқхонасида бўлганмисиз?

Марказий Осиёдаги ягона “Жайрон” қўриқхонасида бўлганмисиз?

0

Навоийлик журналистлар Бухоро вилоятида жойлашган ихтисослашган “Жайрон” питомнигида бўлиб, йўқолиб бориш арафасидаги ноёб ҳайвонлар – Бухоро тоғ қўйи, жайрон, морхўр, Бухоро буғуси (хонгул) каби жонзотларнинг бу ерда кўпайтирилиш жараёни билан танишишди.

Мазкур тадбир Навоий шаҳридаги “Жонли табиат” нодавлат-нотижорат ташкилотининг “Жайрон” питомнигида экологик тарбия ва унинг фаолиятини тарғибот ҳамда ташвиқот қилишга янгича инновацион усулларда ёндашиш тизимини шакллантириш” мавзусидаги грант лойиҳаси асосида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлими ҳамкорлигида амалга оширилди.

Когон тумани ҳудудиги мазкур питомникнинг умумий майдони 16 минг гектардан ортиқ. Айни дамда ушбу майдоннинг 5,5 минг гектари симдеворлар билан ўралган. Фаолият бошлаганига 40 йилдан ошган питомникда 1300 бош  жайрон, 67 бош тоғ қўйи ва бошқа жонзотлар бор. Бу ерда ҳар йили юртимиз олимларидан ташқари Франция, АҚШ, Россия каби мамлакатлардан илмий ходимлар куз ва баҳор мавсумларида турли мавзуларда илмий ўрганиш ишлари олиб боришаяпти. Бундан ташқари, кейинги вақтларда туристларнинг ташрифи ҳам кўпаймоқда.

— Қўриқхонамизда 32 нафар ходим ишлайди, – дейди биз билан суҳбатда илмий ходим Дилшод Турсунов. – Моддий-техник базани яхшилаш, хусусан ёввойи ҳайвонларнинг популация жараёнларини кузатиб бориш учун замонавий лабораториялар, ветеринария жиҳозларига эҳтиёж катта. Ҳатто озуқа масаласида ҳам муаммолар туғилмоқда. Ўтган йилдан бошлаб жайрон болаларини халқаро қонунчилик шартлари асосида буюртмага кўра чет мамлакатлардаги ҳайвонот боғларига етказиб бераяпмиз. Бугунгача Бирлашган Араб Амирлиги, Тожикистон, Қозоғистон каби мамлакатларга етказиб бердик. Бундан келиб тушаётган маблағлар питомник атрофини ўраш, жиҳозлар олиш каби тадбирларга ишлатилаяпти.

Тадбир доирасида журналистлар жайрон болаларини қўлга ўргатиш – уларни озиқлантириш жараёнига гувоҳ бўлишди. Табиатнинг бу ноёб жонзоти, гўзаллиги ва жозибадорлиги  кишини ҳайратга солади. Мумтоз адабиётимизда нозик хилқат – аёлнинг оҳуга қиёслангани бежиз эмаслигига яна бир бор амин бўласиз.

— Бу тадбир иккинчи бор ташкил этилмоқда, – дейди “Жонли табиат” ННТ раҳбари Эшмамат Тоғаев. – Журналистларни лойиҳага жалб этишимиздан мақсад мазкур қўриқхона ҳақида кенг оммани хабардор этиш. Туристлар оқимини кўпайтириш. Сабаби мазкур ҳудуд нафақат юртимизда, балки Ўрта Осиёда ягона саналади. Бу ерда қишнинг совуғи-ю, ёзнинг иссиғида ишлашнинг ўзи бўлмайди.  Питомник ҳудуди жуда катта. Ходимлар пиёда айланиб, ёввойи табиат қўйнидаги жонзотларни ҳимоя қилишга мажбур. Ходимларнинг моддий таъминотини кучайтириш керак. Бутун ҳудудни назорат қилиш учун замонавий диронларга эҳтиёж бор. Қолаверса жайрон болалари сақланаётган қўралар ҳам жуда эскирган. Хуллас, мазкур ҳуддудга нафақат давлат, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам эътибори кеарк. Шундагина биз минг йиллар аввал юртимиз ҳудудида яшаган жонзотларни келгуси авлодларга қолдиришмиз мумкин.

Тадбир якунида давра суҳбати ташкил этилиб, питомник мутасаддилари журналистларнинг саволларига жавоблар беришди.