Bosh sahifa Bu qiziq Марказий Осиёдан одамлар шифо истаб келадиган Учқудуқдаги зиёратгоҳни биласизми?

Марказий Осиёдан одамлар шифо истаб келадиган Учқудуқдаги зиёратгоҳни биласизми?

0

Учқудуқ тумани марказидан қарийб 120 километр узоқликда, Қизилқум чўли бағрида жойлашган “Қанорбой ота” зиёратгоҳи хусусида кўпчилик билмаса керак. Аммо ушбу нурли маскан вилоятимиздаги мавжуд тарихий қадамжолардан бири ҳисобланади.

“Қанорбой ота” зиёратгоҳида авлиё, дея тан олинган Қанорбой отанинг қабри қўйилган. Ўз билимларини эзгу ишларга сарфлаб, эл орасида юксак ҳурмат-эътиборга эга бўлган бу инсон яқин ўтмишда яшаб ўтганлиги боис у ҳақда баъзи бир манбаалар мавжуд.

Айбас ўғли Қанорбой ота 1836 йилда тумандаги “Узунқудуқ” ширкат хўжалигининг “Аюртен” овулида дунёга келган. Ўқишга боришга шароити бўлмаганлиги боис этик тикишни ўрганиб, элнинг хизматини қилади. Шунинг баробарида диний таълимга эга бўлган кишилардан билмаганини сўраб, савод чиқаради ҳамда билимларини мустаҳкамлаб боради. У овулдан ўтадиган карвонларга боқиб, катта шаҳарларга боришни ва илм ўрганишни орзу қиларди. Астойдил қилинган ҳаракат ва истак ўз натижасини берди: Қанорбой ота бир карвонбошига хизматчи бўлиб ишга киради ва карвонга қўшилган ҳолда Бухоро шаҳрига боради. Кейинчалик орзу қилгани – Кўкалдош мадрасасида таълим ола бошлайди. Ўқишда ҳам зийраклиги, ўрганган ҳунари билан домла ва тенгдошларининг ҳурматини қозонади.

Бир куни домла шогирдларини мадрасага йиғиб, Лабиҳовуздан ғалвирда сув олиб келишни буюради. Барча шогирдлар домланинг буйруғини бажаришга шошилади, аммо бирортаси ҳам бу ишни эплолмайди. Шунда Қанорбой ота ўргатилган дуоларни адашмасдан ўқиб, ғалвирни сувга тўлдирган ҳолда домласига келтириб берган ва мадрасадагилар томонидан авлиёси фатида тан олинган экан.

Овулига қайтиб, кўп йиллар давомида халқ орасида эзгуликни тарғиб қилиб келган Қанорбой ота 1899 йил рихлатга юз тутади ва шу куни кечаси Усен исмли яқин кишисининг тушига кириб, “Мени ўз ҳужрамнинг ёнига кўминглар. Таҳорат қилиб турсангизлар етарли, намозни тегишли мулла келиб ўқийди”, дейди. Яқинлари таъзияни у айтгандек қилишади. Ҳамма йиғилгач, Бухородан мулла келиб, жанозаўқийди. Буни кўрганлар ҳайратдан ёқа ушлаб қолади. Чунки, Бухоро шаҳри ва овул орасида отда етти кун йўл босиладиган масофа бор эди.

Ибратли умр кўрган Қанарбой отанинг улуғ фазилатларига таъзим қилган минг-минглаб кишилар ҳар доим у ҳақида яхши гаплар айтиб, номини авлоддан-авлодга етказиб келмоқда. Шунинг баробарида, яхши инсонларнинг эътибори туфайли бу масканда бир қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди: 1969 йил фуқаро Суйеқул Тоқанов бошчилигида чорвадор қурувчиларнинг қўл меҳнати эвазига масжид қурилди. 1980 йилга келиб эса номи республикамизга таниш бўлган чорвадор Тобан Раметов қўли гул усталарни жалб қилган холда Қанорбой отанинг қабри устига мақбара қурдиртиради.

2004 йилда “Қанарбой ота” зиёратгоҳини янада кенгайтириш, атрофларини ободонлаштириш ва қурилиш ишларига катта эътибор берила бошланди. Жумладан, “Қанарбой ота” хайрия жамғармаси ташкил этилиб, унинг ҳисоб рақами очилди. Кўп ўтмай, яъни 2005 йилнинг 16 апрель куни эса масканда янги масжид қурилиши учун биринчи ғишт қўйилди. Саховатпеша инсонлар ҳамда хомий ташкилотлар ёрдамида қисқа вақт ичида масжид қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Қанорбой ота таваллудининг 170 йиллиги (2006 йил) арафасида зиёратгоҳда қудуқ қазилиб, 106 метрдан сув чиқарилди.

Жорий йилда ҳам туман ҳокимлиги томонидан зиёратгоҳда кенг бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, бу ерга зиёратга келувчилар учун бир қатор қулайликлар яратилди.