Bosh sahifa Mualliflardan МАСЪУЛИЯТСИЗ ОТА ЁХУД ҲАЁТ НЕЪМАТИНИ ҚАДРЛАМАЙДИГАНЛАР ХУСУСИДА

МАСЪУЛИЯТСИЗ ОТА ЁХУД ҲАЁТ НЕЪМАТИНИ ҚАДРЛАМАЙДИГАНЛАР ХУСУСИДА

0
фото: mulohaza.uz

Жамиятни ич-ичидан кемирадиган иллатлардан бири бу оилавий ажримлар, эр-хотиннинг ажрашишидир. “Фалончи ажрашибди”, деган гапни биз онда-сонда эшитишимиз мумкин (илгари ҳатто бу гап қулоққа чалинса бир сесканардик), бироқ энг камида бирор туман миқёсида ҳудди шу масалани умумий олиб қараганда, вазият қувонарли даражада эмаслигини пайқаш мумкин.

Умуман олганда, бутун бошли жамиятда биргина ажралиш қайд этилса ҳам бу ҳолатни ижобий, деб бўлмайди. Хусусан, вилоятимиз мажбурий ижро бюроларида бугунги кунда алимент билан боғлиқ 9 мингдан зиёд ҳужжатлар ижрога қаратилган бўлиб, бу ҳолат камида шунча оила дарз кетган, деганидир. Йил бошидан бугунгача бир миллиард сўмдан зиёд маблағлар – алимент қарздорлардан ундириб берилди. Ушбу рақамларнинг катталики жамиятимизда оилавий ажримлар масаласининг нечоғли жиддийлигини ҳам кўрсатади. 

Аслида, ажрашишнинг ўзи бир масала, ишнинг судгача бориб, алиментдан бўйин товлаган отадан фарзанди таъминоти учун мажбурий таъминот ундириш – яна бир оғир ҳақиқат. Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2018 йил 23 августдаги ижро ҳужжатига асосан Ж.Ш. икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик даромадининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлсада, қарздор қарийб уч йил давомида алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаганлиги оқибатида алиментдан 9.683.659 сўм қарздорлик юзага келган. Шу каби, фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2014 йил 11 августдаги ижро ҳужжатига асосан У. С.дан  бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик даромадининг тўртдлан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгилиб, бу масъулиятсиз ота ҳам жорий йил бошидан апрелга қадар алимент пулларини тўламаган ва 1.976.553 сўм қарздорликни юзага келишига сабабчи бўлган.

Ҳар иккала отанинг бу қилмишлари натижасида уч нафар фарзанднинг моддий эҳтиёжлари қондирилмасдан қолган. Бу қарздорликни ўз вақтида тўланмаганлиги учун туман маъмурий судининг қарорига асосан МЖтКнинг 474-моддаси билан оталарга нисбатан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шу ўринда баъзи оталар нега алимент тўлашдан бўйин товлаши кишини ўйга толдиради. Оилавий ажрим туфайли оталик мақомини ҳам масъулиятини ҳам наҳотки улар қалбларидан-да чиқариб ташлашган бўлса? Фарзанд – Тангрининг неъмати, пешонада ёзилгани, ахир. Тақдирдаги бу ёзуқни ким ўзгартиролади? 

Қайд этиш жойизки, бугунги кунда жамоатчилик эътиборини шу масалага қаратиш энг муҳим масала саналади. Фарзанди таъминотини хоҳламаётганлар билан аҳолининг фаол қатлами, халқ ичида обрў-эътибор қозонган кексалар ва масъул органлар ҳамкорликда иш олиб борса, бу каби муаммолар бир мунча камаяди. 

Шохрух УЗАКОВ, МИБ Навоий вилояти бошқармаси катта инспектори.