Bosh sahifa Jamiyat Матбуот анжумани: солиқ ислоҳотлари журналистлар нигоҳида

Матбуот анжумани: солиқ ислоҳотлари журналистлар нигоҳида

0

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлими ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида вилоятдаги бошқармалар, банклар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда маҳаллий ва республика ОАВ журналистлари, шунингдек блогерлар иштирокида мунтазам равишда матбуот анжуманлари ташкил этиш йўлга қўйилди. Шунингдек, ҳамкорликда тасдиқланган режа-жадвал асосида ҳар ойда бир маротаба шаҳар-туманларда медиа-тур ташкил этилиб, ҳудудларда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишилади.

19 август куни вилоят давлат солиқ бошқармаси биносида илк анжуман ташкиллаштирилди. “Солиқ сиёсатидаги янгиликлар, тизимдаги мавжуд муаммолар ечими” мавзусида ўтказилган анжуманда бошқарма болиғининг биринчи ўринбосари Ш.Рахимов, бўлим бошлиқлари Н.Жуманазаров, Ғ.Бўронов, бошқарма бош инспектори Ғ.Абдуалимовларнинг мавзу юзасидан маърузалари тингланди.

Анжуманда солиқ юки даражасини камайтириш мақсадида 2019 йилдан юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга ва ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилгани алоҳида такидланди.

­- Бу ҳолат бюджет тушумларининг ҳам камайишига олиб келмайдими, деган саволни келтириб чиқариши табиий, — деди Ш.Рахимов. – Жорий йилнинг 6 ойида вилоятимизнинг солиқ тушумлари 4 триллион 388 миллиард сўмни такшил этди – ўтган йилга нисбатан ўсиш қайд этилди. Қўшимча қиймат солиғи тўловчилар, тадбиркорлик субъектлари сонининг кўпайиши, қолаверса “конверт” усулида ойлик тўлаш ҳолатларининг бартараф этилиши натижасида бунга эришилди. Бугунги кунда вилоятимизда қўшимча қиймат солиғи тўловчи, товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ортиқ корхоналар сони 1300 дан ошди. Қолаверса ўтган 6 ойда тадбиркорлар 22 минг нафардан ортиқ ходимларига меҳнат дафтарчаси очиши натижасида ишчилар қонуний ойлик маош олиш имкониятига эга бўлди. Шу боисдан даромад солиғидан тушумлар 322 миллиард сўмни ташкил этди.

Матбуот анжуманида янги таҳририда қабул қилиниши кутилаётган Солиқ кодекси лойиҳаси хусусида ҳам сўз борди. Мутахассислар томонидан янги кодекс лойиҳаси 494 та моддадан (амалдагиси 395 модда) иборат эканлиги, мазкур ҳужжат Халқаро Валюта Жамғармаси каби ташкилотлар, қолаверса Туркия, Хитой, Россия, Грузия ва бошқа мамлакатлар мутахассислари ҳамкорлигида ишлаб чиқилаётгани айтиб ўтилди.

Анжуманда, шунингдек давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 15 майдаги “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан вилоятда амалга оширилаётган ишлар, ҳудудда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити хусусида ҳам сўз юритилди.

Очиқ мулоқотда журналистлар бир қатор саволлар билан мурожаат қилишди. Хусусан, солиқларни яшириш жинояти билан боғлиқ аниқ рақамлар, шаҳарча типидаги аммо, ҳаттао табиий газ мавжуд бўлмаган аҳоли пунктларида яшовчилар бошқа ҳудудларга қараганда кўп миқдорда ер солиғи тўлаётгани, 5-6 нафар ходим ишлайдиган таҳририятлар минглаб ишчи фаолият юритадиган йирик корхоналар каби 25 фоиздан ягона ижтимоий тўлов тўлаётгани каби ҳолатлар юзасидан изоҳ сўрашди.

Саволларга умумий жавоблар олинди. Жумладан, йил бошидан буён бугунгача корхона-ташкилотлардан қарийб 30 миллиард сўмлик солиқларни яшириш ҳолатлари аниқлангани, “шаҳар шароити йўқ” шаҳарчалар эса келгусида обод бўлиши, “давлат корхонаси” мақомидаги, давлат улуши 50 фоиздан юқори корхоналари 25 фоиз ЯИТ тўлашлари қонунчиликда  белгилангани айтилди.

­-  Оммавий ахборот воситалари ходимларининг солиқ тизимидаги ўзгаришлардан тўлақонли хабардор бўлиши аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими бошқаруви раиси О. Аслонов. – Хусусан, ижтимоий тармоқларда ва аҳоли ўртасида кузатилаётган нотўғри талқиндаги шарҳлар ва муносабатлар ислоҳотларни тескари талқин қилишга сабаб бўлмоқда. Шу боис ОАВ вакилларининг соҳадаги янгиланишларни моҳиятан англаб, тарғиб қилиши бундай ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Матбуот анжумани якунида солиқ органлари ва таҳририятлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамалаш, журналислар билан ахборот алмашиш жараёнларини соддалаштириш, осонлаштириш юзасидан таклифлар ўртага ташланиб, ушбу масалалар ечими юзасидан ўзаро келишиб олинди.