Bosh sahifa Mualliflardan Мажбурий пенсия бадаллари энди ҳар ой икки фоиздан тўланади

Мажбурий пенсия бадаллари энди ҳар ой икки фоиздан тўланади

0

2018 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варағига ҳар ойда уларга ҳисобланган иш ҳаққининг икки фоизи миқдорида бадал белгиланган.

Шу ўринда мазкур тизим тўғрисида батафсил тўхталиб ўтмоқчимиз. Ўзбекистон Республикасида жамғариб бориладиган пенсия таъминоти масалалари “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади. Мазкур тизим фуқароларнинг амалдаги давлат пенсия таъминоти тизимига қўшимча равишда, иш берувчиларнинг пенсия ёшига етган ходимларининг моддий аҳволини яхшилаш, шу асосида пенсионерларга амалдаги пенсия тўловларига қўшимча равишда даромад олиш манбаларини яратиш, кексалик чоғида фуқароларнинг ўз фаровонлиги учун шахсий жавобгарлигини ошириш мақсадида жорий қилинган.

Юридик шахслар – иш берувчилар, уларда меҳнат шартномаси асосида ёлланиб ишловчи фуқаролар пенсия тизими иштирокчилари ҳисобланади. Якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс мақомига эга бўлмаган деҳқон хўжаликларининг аъзолари ва вақтинчалик иш фаолияти билан шуғулланмайдиган фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрийлик асосида иштирок этадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 28 июндаги “Жамғариб бориладиган пенсия тизимини такомиллаштириш ва техник таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-110-сонли қарорига асосан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоботларига ўтказиладиган мажбурий пенсия бадаллари бюжетга тўланадиган солиқлар ва йиғимларга тенглаштирилган. Шунингдек, 2005 йилнинг 1 июлидан эътиборан барча юридик шахслар фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадаллларни жисмоний шахсларнинг даромад солиғи билан биргаликда мазкур солиқ учун белгиланган шакл ва муддатларда амалга ошириш тартиби жорий этилган.

 Нурбек САФАРОВ, Навоий вилоят давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи.