Bosh sahifa Jamiyat МЕРЕЙ ОМОНБОЕВА: БИЛИМЛИ, ТАДБИРКОР ЁШЛАРНИНГ ЖАМИЯТДАГИ ЎРНИ МУСТАҲКАМ БЎЛАДИ

МЕРЕЙ ОМОНБОЕВА: БИЛИМЛИ, ТАДБИРКОР ЁШЛАРНИНГ ЖАМИЯТДАГИ ЎРНИ МУСТАҲКАМ БЎЛАДИ

0

Ўтган йили Нурота туманининг “Чуқурқудуқ” қишлоғида ёш тадбиркор Мерей Омонбоева ташаббуси билан мўъжазгина мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди. Қишлоқ одамлари, айниқса, ёш болали оилаларнинг мушкули осон бўлиб, фарзандларининг боғчага боришига имкон яратилди. Давлат шерикчилиги асосида ташкил этилган боғчага бугунги кунда қишлоқ болажонларининг 30 нафари қабул қилинган ва тадбиркор ташаббусидан барча мамнун.

Мерей Омонбоева табиатидаги ғайрат-шижоат, интилувчанлик ва ишбилармонликни кўрган ҳар қандай тенгдош дўстлари унга ҳавас билан қарашади. Бу бежиз эмас, албатта. 

Жорий йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун танловнинг республика босқичига тавсия этилган 314 нафар номзодлар орасидан саралаб олинган қизлар қаторида вилоятимизнинг икки нафар қизлари ҳам борлиги барчамизни қувонтирди. Нурота заминида ўсиб-улғайган, ҳозирги вақтда Навоий давлат педагогика институти 4-босқич талабаси Мерей Омонбоева 2020 йил жамоатчилик фаолияти йўналишида Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлди.

НавДПИ мактабгача ва бошланғич таълим факультети 4-босқич қозоқ гуруҳида таҳсил олаётган Мерейхон ҳар жиҳатдан қобилиятли, ташаббускор, теран фикрловчи, замонавий қизлардан. У келгусида ўқитувчи бўлиб, болаларга таълим беришга қизиқиш баробарида тадбиркорлик соҳасида ҳам ўзини синаб кўришга аҳд қилди. Айрим талабаларга ўхшаб институтдаги дарсларга қатнаш билан чекланиб қолмади. 2016 йил “Менинг бизнес ғоям” кўрик-танлови вилоят босқичида ўзининг кичик бизнес лойиҳаси билан иштирок этиб, “Халқ банки”нинг сертификати билан тақдирланди. 

– “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси – 2016” республика танловида ўзимнинг чорвачилик йўналишидаги янги лойиҳам билан қатнашиб, “Асака банк” АТБнинг имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатини қўлга киритдим, – дейди М.Омонбоева. – Институтда ўқиш билан бир қаторда Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази Навоий вилоят бўлимида волонтёр сифатида ҳам фаолият олиб бордим. Вилоятимизнинг олис ва яқин ҳудудларида ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган йигит-қизларга бизнес тренер сифатида машғулот ва учрашувар ўтказдим. Бир неча бор Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш марказининг дипломлари билан тақдирландим. Менимча, қиз бола фақат уйда бекор ўтириш ёки битта касбни эгаллаш билан чекланиб қолмаслиги керак. Имкон қадар кўпроқ касб ва ҳунарларни ўзлаштириб олиши лозим. Шундагина қўли гул, қадами шахдам, тадбиркор, яратувчан қизларнинг жамиятдаги ўрни мустаҳкам бўлади, қолаверса, ўзининг шахсий даромади ортиб боради. Муваффақиятга эришишнинг сиру синоати ҳам мана шунда.

Мерей педагоглик касбини ҳозирги вақтда янада чуқур ўрганмоқда. У 2017 йил Навоий шаҳрида таълим йўналишида ўтказилган 2-халқаро конференцияда ўзининг “Бошланғич синф мактаб ўқувчиларига эстетик тарбия” мавзуидаги, 2018 йилда эса Тошкентда бўлиб ўтган худди шундай халқаро конференцияда “Мактабгача ёшдаги болаларнинг нутқини ривожлантиришда она тилининг ўрни” мавзуидаги маърузалари билан қатнашиб, халқаро “Sociosfera-CZ” ташкилоти ҳамда Англия давлатининг “Bowker” ташкилоти томонидан эътироф этилди ва дипломлар билан тақдирланди. Энди эса институтнинг бакалавр босқичини тугаллаб, магистратура йўналишига ҳам кириш ниятида астойдил ўқиб, ҳаракат қилмоқда.

Вилоятимиз ёшлари ўртасида ўз ўрнига эга бўлган М.Омонбоева жамоат ишларида, вилоят, республика ва халқаро семинарлар, конференцияларда доим фаол. У 2019 йил ҳам Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё Ёшлар конгрессида иқтисодиёт, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик мавзуидаги маърузалари билан иштирок этди ҳамда бу ерда ўз дунёвий билимларини оширди, тенгдош дўстлари билан тажриба алмашди. Мазкур конгрессда у “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ҳамда “Konrad Adenaur stiftung” ташкилотининг сертификати билан тақдирланди.

Ишбилармон талаба янги мақсадларни кўзлаган ҳолда ўтган йиллар давомида Нурота туманида “Чингизхон-Мерей” МЧЖни ташкил этиб, у ерда чорвачиликни ривожлантиришга киришган эди. Айни пайтда бу ерда чорвачиликнинг ангор эчкилари олиб келиб кўпайтирилмоқда.

— Эчкиларимизни етарли даражада кўпайтириб бўлгач, уларнинг ҳам сутини, ҳам жунини сотиб, даромад кўриш ниятидамиз, — дейди қаҳрамонимиз Мерейхон суҳбат чоғида. — Бундан ташқари, унинг гўшти ҳам инсон соғлиғи учун жуда фойдали. Шу боис чорвачилик соҳасидаги тадбиркорлигим эртага, вақти келиб, албатта, ўз самарасини беради, деб ўйлайман.

Айтганча, ёш тадбиркор ўтган йили Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди” ҳисобидан 25 миллион сўм кредит олиб, “Чуқурқудуқ” қишлоғида давлат шерикчилиги асосидаги янги мактабгача таълим ташкилотини очган эди. Ҳозирги вақтда мазкур муассасада қишлоқнинг 2 нафар ишсиз аёллари иш билан таъминланди ва улар Мерейхон раҳбарлигида қишлоқнинг жажжи болажонларига замонавий талаблар асосида таълим-тарбия бериб келишмоқда. 

Раъно РАББИМОВА,  журналист