Bosh sahifa Jamiyat МИБ Кармана туман бўлими томонидан 6 ойда 27 та автотранспорт воситаси хатланди

МИБ Кармана туман бўлими томонидан 6 ойда 27 та автотранспорт воситаси хатланди

0

 Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси бюджетга етказилган зарар ва бошқа турдаги жарималар, шунингдек алимент тўловларини тўламасдан келаётган фуқароларни топиш, уларнинг яшириб қўйган мол-мулкларини аниқлаш вазифаларини ҳам бажариб келмоқда.

Жумладан, МИБнинг Кармана туман бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида яшириниб юрган шахсларни излаб топиш ёки уларнинг мол-мулклари жойлашган манзилини аниқлаш борасида жами 80 та қидирув қарорлари чиқарилиб, ижро этиш учун қидирув бўлимига ўтказилган. Мазкур масалаларнинг 14 таси алимент, 5 таси давлат ва жамият манфаатларига етказилган зарар, 18 таси қарз, 1 таси солиқ ундириш, шунингдек 42 та бошқа турдаги ижро ишлари билан боғлиқ.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида жавобгар шахслар ушланиб, уларнинг мол-мулклари хатланиши натижасида жами 121,4 миллион сўм пул маблағлари ундирилишига эришилди.

Шунингдек, бўлим томонидан автотранспорт воситаларини қидириб топиш соҳасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиши натижасида, жорий йилнинг ўтган даврида 27 та автотранспорт воситалари топилиб, хатланишидан 381 миллион сўм пул маблағлари ундирилди.

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Ф.В.дан ундирувчи Д.В. фойдасига уч нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ½ қисм миқдорида алимент ундириш ҳақида қарор чиқарилган. Қарздор томонидан ундурувчига тўланиши лозим бўлган 16 миллион сўм алимент тўловлари тўланмай қолганлиги юзасидан туман давлат ижрочиси томонидан 17.04.2019 йилда қарздорга тегишли бўлган “LACETTI” русумли автомашинани қидириб топиш юзасидан қидирув ҳаракатлари олиб борилган.

Тезкор тадбирлар натижасида ушбу машина Андижон вилояти Избоскан туманидан топилиб, автомашина алимент қарздорлигини қоплаш мақсадида мажбурий ижро бюроси Кармана туман бўлимига олиб келиниши таъминланди.

Бундан ташқари фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан, қарздор А.Ҳ.дан ундирувчи М.Г. фойдасига 32 миллион сўм қарз ундириш белгиланган.

Бироқ, қарздор ушбу суммани тўлашдан бош тортиб келаётгани сабабли суд ижрочиси томонидан қидирув қарори чиқарилиб, натижада А.Ҳ.га тегишли “CHEVROLET SPARK LS” русумли автотранспорт воситаси хатланиб, қарз суммаси тўлиқ ундирилишга эришилди.