Bosh sahifa Tahlil Миш-мишлар асоссиз: дашт ҳудудларидаги чорва моллари “заҳарли ўт”дан ўлаётгани йўқ

Миш-мишлар асоссиз: дашт ҳудудларидаги чорва моллари “заҳарли ўт”дан ўлаётгани йўқ

0

Жорий баҳор мавсумининг ёмғирли келиши нафақат чорвадорлар, балки ҳар биримиз учун  қувончли бўлди. Дашт ҳудудларида ўт-ўланларнинг ям-яшил бўлиб унаётгани кишига завқ беради. Маълумки, ушбу мавсумда аҳоли хонадонларида парваришлаб келинган қорамоллар яйловзорларга боқиш учун чўпонларга бериб юборилади. Бугунги кунда халқ орасида “моллар заҳарли ўтдан ўлаяпти”, деган миш-мишлар тарқалгани эътиборимизни тортди. Аслида бу гаплар асослими, деган савол билан тегишли мутасадди идораларга мурожаат қилдик.

Навоий вилоят ветеринаря ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси давлат ветеринария назорати бўлими бошлиғи Бахтберген Жузбаев чорва молларининг оммавий ўлиш ҳолатлари кузатилмаётгани, юқоридаги гаплар асоссиз эканлигини билдирди. Шундан сўнг Навоий вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавсизлиги давлат марказига мурожаат қилдик.

– “Кампирчопон” деган ўта заҳарли ўсимлик мавжуд, – дейди марказ директори Шамсиддин Боймуродов. – Бу ўсимлик айниқса, ёмғир ҳаддан зиёд ёғганда кўпаяди. Ҳайвонлар ушбу ўсимликдан заҳарланиб ўлиши мумкин. Бироқ, марказимизга бу борада бирорта мурожаат ёки шикоят келиб тушгани йўқ.

– Нуротада 4 та масъулияти чекланган жамият ҳамда 96 та фермер хўжаликларида чорва ҳайвонлари парваришланмоқда, – дейди туман ветеринария бўлими раҳбари Баҳром Бобомуродов. – Бу йил ҳар доимгидан-да ўзгача келди. Ўт сероб. Чорва йили бўлди. Мен 2012 йилдан буён туманда бош ветеринарман. Ҳали бирор маротаба қорамоларнинг оммавий ўлим ҳолатига дуч келганимиз йўқ. Ҳатто дағалхашак танқис бўлган пайтларда ҳам бу кузатилмаган. 12 турдаги вакциналар билан чорва ўз вақтида эмлаб келинаяпти. Худо хоҳласа жорий йилда чорвачиликда катта натижага эришамиз.

Албатта, “миш-миш” бекорга келиб чиқмайди. Айрим ҳудудларда бир нечта чорва молларининг нобуд бўлиши мазкур ҳолат келиб чиқишига сабаб бўлган. Аслида эса вазият бутунлай бошқа.