Bosh sahifa E'tirof Мислсиз эврилишлар ижодкори

Мислсиз эврилишлар ижодкори

0

Минг йиллик давлатчилик тарихига эга, ўттиз икки миллионли халқи   меҳнаткаш ва салоҳиятли бўлган қудратли давлатнинг жаҳон сиёсий саҳнасида янгидан қад ростлаётганини бутун жаҳон ҳамжамияти зийраклик билан кузатмоқда. Ёлғон мулозаматлардан йироқ доно корейс халқи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бир йиллик раҳбарлик фаолиятига юксак баҳо бериб, бу ҳақда 50 минг нусхада китоб чоп этгани бунинг ёрқин исботидир.

Кишилик тараққиётида шундай даврлар бўладики, бутун бошли халқ тарихнинг ўзига хос синовларидан ўтади. Бунда миллат юраги элу юртга буюк муҳаббат билан боғланган, Ватан келажаги учун бутун борлиғи билан қайғурадиган Юртбошига эҳтиёж сезади. Бироқ бундай тарихий шахслар ҳамма вақт ҳам туғилавермайди, ёки бу қадар баркамоллик билан намоён бўлавермайди.

Яратган эгам сабр-қаноатли, дуогўй ўзбек халқини  адолатли, шижоатли, халқ дарди билан яшайдиган холис Йўлбошчи билан сийлади. Ўзбекистондаги ҳаётнинг деярли барча соҳасини қамраб олган бир йил олдинги ислоҳотларнинг натижаси бугун бўй кўрсатиб жаҳон аҳлини лол қолдирмоқда. Учқур вақт тулпорида юрт юкини забардаст елкасида ортмоқлаб, жаҳду шиддат билан бораётган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёрқин феномени нафақат Ўзбекистонда, балки яқин ва олис юртларда эзгу ўй-мақсадлар билан яшаётган миллионлаб инсонлар қалбини ёритиб, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни қарор топтираётганини яқинда ота юртим – Қирғизистонга қилган сафарим чоғида кўриб, гувоҳ бўлдим.

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб Навоий кон-металлургия комбинати тизимида кончи ишчи-ходимлар ва ёшлар ўртасида миллий истиқлол ғоясини тарғиб қилиш йўлидаги ҳалол меҳнатларим қадр топиб, жорий йилнинг ноябрь ойида Президентимиз Ш.Мирзиёев фармони билан Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиндим. Фуқаролик паспортини қўлга олгач, икки йиллик айрилиқдан сўнг отам ва яқин жигарларим дийдорига ошиқдим. Навоийдан Андижон томон бораяпману, хаёлимда битта фикр чарх уради: “Чегарадан қандай ўтаркинман?”. Негаки, ўтган беш-ўн йилларда чегара ҳудудидан ўтиш мен учун адоқсиз азоб-уқубат ва таҳқирлашлардан бошқа нарса эмас эди.

Минг хил ўй-фикрлар билан Андижон вилоятидаги “Маданият” чегара постига яқинлашдим. Белгиланган тартибда декларация тўлдириб, божхона ходимларига йўлиқдим. Ходимларнинг чиройли муомала маданияти, самимияти кўнглимни кўтарди. Улар юкларимни махсус текширув лентасидан ўтказишгач, оқ йўл тилаб кузатиб қолишди. Бу иззат-ҳурматдан хурсанд бўлиб, Қирғизистон чегара пости томон йўналдим. Ҳудуддаги чегарачи аскарларнинг интизоми, меҳрибонлиги ҳайратимни оширди. Божхона ходимлари ҳам хушмуомалик билан “Хуш келибсиз”, — дея  қарши олишди.   Юкларимга, ҳужжатларимга бирон бир эътироз бўлмади.

Бу гўзал илтифотлардан кўнглим чоғ бўлиб, “Маданият-Бозорқўрғон” йўналишидаги автоуловга яқинлашдим. Қирғиз миллатига мансуб ҳайдовчидан тортиб, ҳамроҳлик қилаётган йўловчиларнинг юмшоқ муомаласи, ҳазил-мутойибаси мен учун кутилмаган ғайритабиий бир ҳолат эди.  Чунки бундан олдинги ташрифларимда бу ердаги кескин вазият, одамларнинг асабий кайфияти ва қўпол муомалалари хаёлимда муҳрланиб қолганди.

Ораси минг километр ҳам чиқмайдиган  ота уйимга паспорт ва чегара муаммолари сабаб икки йил дегандагина ташриф буюра олдим. Бу, отам ва жигарларим учун ҳақиқий байрамга айланиб кетди. “Ўзга юртда қолган қизим”, — дея фарзанди дийдорига зор ўтаётган ғамгусор отам паспортимни қўлига олиб,  ёш боладек суюнишини айтмайсизми? “Воҳ, буни қара-я, буни қара, иложи бор экан-у”, — деб у ёқдан бу ёққа юриб қувонишини кўринг… Оҳ, у бу кунларни қандай кутди.

Келган кунимнинг эртасига уйимизда катта издиҳом бўлди. Ҳовлимиз тўла одам. Ёшу қари, эркагу аёлнинг кайфияти чароғон. Ҳамма бирдек хурсанд, ҳамма бирдан гапиради. Гап кўпроқ Ўзбекистондаги мислсиз ўзгаришлар, чегараларнинг очилиши, қирғиз ва ўзбекларнинг бир-бирига бўлган илиқ муносабатлари ҳақида бўлди.  Ора-чирада менга ҳам савол бериб қўйишади:

— Ўзбекистон худди телевизорда кўрсатгандай чиройлими? Ростданам шунақа ўзгаришлар бўлаяптими?

Жавоб беришга улгурмайман. Гапни чегаралар очилиши билан Ўзбекистонга келиб, меҳмон бўлиб кетишга улгурган бир холам илиб кетади:

— Вой, нима деяпсиз, Ўзбекистон телевизордагиданам чиройли. Бу қурилишлар, бу ободончиликлар… Кўриб эсингиз оғиб қолади. Ана Ўзбекистон, мана Ўзбекистон”.

Бағри баҳор юртдошларимни кузатиб ҳузур қиламан, дилтортар гапларига завқим келади. Қалбимда болаларимни бағримга босиб яшаётган тинч-осуда маконим, ҳалол меҳнатларим, ижодий ишларим қадр топаётган бахтли ошиёним – Ўзбекистондан фахрланиш туйғулари  жўш уради.  Суҳбат энди улуғвор ишлар соҳиби, мислсиз эврилишлар ижодкори Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга бориб тақалади. Меҳмонлар Юртбошимизга соғлик, омонлик, узоқ умр тилаб дуолар қилишади. Энг қизиғи, содда ва самимий юртдошларим ҳамма тилакларини менга қараб айтишади. Худдики, Ўзбекистон меникидек. Худдики, мен  уларнинг ҳамма тилакларини тўғри Президентга бориб етказадигандек…

Ҳа, минг йиллардан бери қуда-анда бўлиб иноқ яшаб келган икки халқ ўртасида охирги йилларда содир бўлган келишмовчилик ва ёвқарашлардан қалблари озурда қирғизистонлик ўзбекларнинг Ўзбекистоннинг доно Йўлбошчисига ихлоси баланд. Шавкат Миромоновичнинг бағрикенглик билан қилаётган улуғвор ҳаракатлари туфайли қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги муносабатлар илиқлашиб, улар яна дўст-қадрдон бўлганидан кўнгли тўлган, йиллаб кўрмаган жигарларини кўриб бағри тўлган ватандошларимнинг самимиятга йўғрилган дил сўзларини қалбимга жо қилиб, уларни тезроқ ўзбекистонликларга етказишга шошилдим. Зеро, ўзбек халқининг тинч-омонлиги, фаровонлиги йўлида фидойилик ва қатъият билан меҳнат қилаётган Юртбошимиз Яратганнинг бизга берган буюк неъмати эканлигини, биз ҳар бир ишда унга мададкор бўлишимиз, бу дориламон кунлар қадрига етишимиз зарурлигини унутмаслигимиз керак.

Салима ХОЛДОРОВА,

Навоий кон-металлургия комбинати

матбуот маркази мутахассиси.