Bosh sahifa Mualliflardan МОБИЛ ХИЗМАТ ҚУЛАЙ-ДА !

МОБИЛ ХИЗМАТ ҚУЛАЙ-ДА !

0

Одамзотнинг феъли шунақа, доимо ўзи учун қулайликни ахтаради….Қулай яшаш шароити, қулай меҳнат шароити, қулай имконият ва қулай хизматдан фойдаланиш каби ва ҳоказо… Аммо, ҳам аҳоли учун, ҳам хизмат учун қулай бўлган бир юмуш борки, ундан бугун олис овул ва қишлоқ одамлари миннатдор.

 Бир йўла 5-6 та хизматни ўзида мужассам этган мобил автобус ҳимматини Навоий вилоятида билмайдиган одам бўлмаса керак. Ўзиям автобус тиним билмайди. Бу автоуловни гоҳ олис Сентобда, гоҳ Лангар тоғ этагидаги қишлоқда,  гоҳ Томдининг Утемурод чўлларида, гоҳ Конимехнинг Учтепаси-ю, Саржалида учратасиз. Ахир, одамлар номи тилга олинган ҳудудларда енгил автоуловда боришга иккиланадилар. Аммо, фақат мобил автобусгина тоғ ва чўл оралаб одамларнинг давлат хизматига бўлган эҳтиёжини ўрганади, уйма-уй юриб аҳолига сайёр хизмат кўрсатади.

 Масалан, бугун автобус Конимех туманининг Наврўз, Шўркул ва Тўққизтепа маҳаллаларида бўлиб, аҳолига 77 та давлат хизматини кўрсатди.  Конимех тумани давлат хизматлари маркази ходимлари қишлоқда маиший хизмат, савдо-сотиқ билан шуғулланувчи «Ўлмас- Жаҳон орзуси» оилавий корхонасини давлат рўйхатидан ўтказдилар. Қолаверса, судланмаганлик, солиқдан қарздорлиги йукқлиги тўғрисидаги маълумотнома, МТМларга навбатга қўйиш ва йўлланма олиш, кўчмас мулк объектида қурилиш ишларини амалга ошириш учун рухсат олиш каби мурожаатларга ижобий ечим топилди. Уч маҳалла аҳолисига давлат хизматларидан фойдаланиш маданияти ва онлайн хизмат олиш кўникмалари тарғиб қилинди.

«Яна қачон келасизлар?»- деган қишлоқ одамларининг сўровидан билдикки, аҳолининг  мобил хизматга бўлган ишончи кундан кунга ортиб бораяпти.

-Кўнглингиз тўқ бўлсин, сиз мурожаат қилган куни биз шу ерда бўламиз!-дея ортга қайтдик.

Фарход БЎРИЕВ, 


Конимех туман ДХМ директори