Bosh sahifa Ijod МУШТИПАР (1-қисм)

МУШТИПАР (1-қисм)

0

***

У аср намозини ўқиб бўлгач, жойнамоз устида узоқ хаёлга чўмди: эрининг кунора ичиб келиб жанжал кўтариши-ю, маҳалла-кўй олдидаги хурмача қилиқлари, келининг бу машмашаларга, шармандаликларга тоқат қилолмай уйдан чиқиб кетгани, нафақага чиқишига оз вақт қолганида ишхонасидаги вазиятнинг ҳам таранглашгани кўнглини сиқиб юборганди.

Келинининг кўнглига қарай-қарай, балки хато қилгандир? Ҳартугул эндигина бу хонадонга тушган кезлари соддагина, мушукдек беозор эди. Кейин эса шартакилик қилиб, гап қайтарадиган бўлиб қолди. Мана, ёлғиз фарзанди ­- ўғлини ҳам изимига солди-ю, бу ердан олиб чиқиб кетди. Ота-онани деса хотини ва фарзандидан, оиласини деса жигарларидан кечишга мажбур бўлган ўғил бир ойдан ошдики, бу хонадонга келай демайди. Эҳтимол, келишга ғурури йўл қўймаётгандир. У ҳам нима қилсин бечора? Пияниста отасининг куракда турмайдиган гаплари кўнглини буткул ундан совитиб бўлган.

Аёлнинг сўниқ кўзларида ҳалқаланган ёшлар алланечук нур таралиб турган ёноқлари бўйлаб жойнамоз устига томчилади. Шу дам ожиз банданинг юрагига тош каби боғланган аламли ҳис-туйғулар чекиниб, қалби ўз-ўзидан юмшай бошлади ­– ҳар бир ичига ютаётган нафаси унга аллақандай бахтиёрликни туйдираётганди. Мана, орзу қилганидек Каъба рўпарасида. Мана Макка осмони! Оллоҳнинг ёдига ғарқ бўлган бандалар Яратганга сиғинишмоқда! Атиги уч-тўрт қадам юрса кабапўшга ҳам қўли етади. Йўқ! Унинг вужудини шу даражада қалтироқ босдики, юришга-да мажол тополмади. Наҳотки! Наҳотки улуғ ибодатга муяссар бўлса! Бу унинг бир умрлик орзуси эмасмиди, ахир?

…Дарвозанинг тарақлаб очилгани аёлнинг хаёлларини бўлди. Эрининг келганини пайқаб, жонсарак ўрнидан турди-да, жойнамозни апил-тапил йиғиштирди.

— ­Хо-тин! Қаердасан?!

— ­Ҳозир! Чиқяпман!

Эшик очилиб улгурмай  рўпарада ўсиқ соч-соқолларига оқ оралаган, ичкилик дастидан алланечук хунук қиёфага эга бўлган эр кўринди:

— ­Ма буни оли, —­­­ деди у қўлидаги пакет тўла егуликларни хотинига узатаркан. ­— Тезроқ бўл. Ош пишир. Кечга яқин улфатларим келади.

Аёлнинг кўнгли бир нохушликни сезди. Бироқ одатдагидек индамай қўяқолди. Мастона эр ортига қайриларкан чўнтагидан нимадир тушиб қолди ­– бу яп-янги қарталар эди – эр ва хотинниг нигоҳлари тўқнашди. Аёл индамай ошхонага кириб кетди. Ошга уринаркан у хонадан бу хонага кириб чиқаётган эрининг ҳаракатларини кузатарди.

­­— Сандиқнинг калити қани?! — важоҳат тўла овоз ҳовлини тутди.

“Пул керак. Демак бугун қимор ўйналади”. Хотиннинг кўнглидан шу гап ўтди. Сабаби эри яқиндан бошлаб ана шундай қабиҳликка ҳам қўл ура бошлаган эди.

— Сандиқннг калити қани деяпман?! — жавобни узоқ кутган эр ошхонага кириб келаркан ғазаби бадтар кўтарилди.

— Пулни нима қиласиз кеч бўлганда?

— ­Тилингиз буррок-ку! ­— эр ҳар доимги дашномини яна такрорлай бошлади. — Келинингизга қиқлинг эди букнқа бурро-бурро гапларни! Эркалатиб-эркалатиб, мана, латта ўғлинг ҳам унинг орқасидан кетди-қолди! Ўғлингам, сенам латтасанлар! Хотинига эргашган эрни нима дейиш керак? Яккаю ёлғиз ўғил эмиш! Маҳалла-кўй нима деяётганлигини биласанми? Бу шармандаликка чидаб бўладими? Мен ичмай ким ичсин?!

— Шармандаликка ким чидолмади – сизми ёки ўғлингиз?! ­— давомли жанжалларда айтиламаётган ҳасрат тўла бу гаплар энди янгради. ­­— Ичкиликнинг оқибати бўлди-ку ҳаммаси. Келинингиз ҳам бекорга аразлагани йўқ. Ўғлингиз бекорга юз ўгиргани йўқ – ақлингизни йиғиб, инсоф билан қилаётган ишларингизни бир ўйлаб кўринг, ахир! ­— ошхона ёғда қовурилаётган пиёз ва гўшт ҳидига тўлди. Аёл кўзида ёш билан капгир билан қозондаги масаллиқларни аралаштирарди.

— Хотин кера-гу, ота-она керак эмасми? ­— эр уни елкасидан чангаллаб ўзига қаратди.  — Кечдим мен у ўғлингдан. Менга унақа ўғилнинг кераги йўқ.

— Ёшлар ёшлик қилди десак, сиз бунақа гапларни айтсангиз. Бу жанжаллар қачон тугайди ўзи?! — хотин ўзини нарига оларкан оғриган елкасини сийпалади.

Пияниста эр ғингшиб, алланима дея сўкинди-ю калитни ҳам суриштирмай, омборхонага кирди. Темир асбоб билан сандиқнинг қулфини бузиб, ичидаги пулларни олди. Меҳмонхонага хонтахта олиб кирди, хотинини ҳам кутмай дастурхон ва кўрпачаларни тўшади.

Ош пишгач кутилган меҳмонлар ҳам келишди. Дастурхон ноз нематларга тўлди, таом ҳам олиб келинди. Аввал ўйланганидек,  қиморбозлик ҳам бошланди.

Дарвозахонадаги уйда шом намозининг қазосини ўқиб бўлган аёлнинг юраги ҳамон нотинч эди. У деворннг нарёғидаги қаҳ-қаҳаларга қулоқ солди. Қизиқ. Шунча ташвиш, ҳаёт деярли издан чиққан бир маҳалда хурсандчилик инсоннинг юрагига сиғадими? Боягина ғазабдан кўзлари олайган одамни сал ўтиб аксинча кайфиятда тасаввур қилишнинг ўзи ғалати. Лекин эри учун бу оддий ҳолдек. Балки, унинг қалби Қуръонда битилганидек абадий муҳрлангандир, ҳеч бир панд-насиҳат унга кор қилмас. “Биркунмас-бир кун гуноҳларига тавба қилади, тўғри йўлга киради”, деган хаёллар чипакка чиқиб бўлгандир, эҳтимол? Йўқ! Нимадир чора бор! Тўғри йўл бор! Яна оз фурсат чидаса бўлгани, ҳаммаси изига тушиб кетади. Буёғи Яратганнинг ҳукмига ҳавола.

***

Яшаш умр деб аталмиш алғов-далғовлар ичра булутдан ўзини заминга ташлаган томчидек: сўнгра тошқинлар орасида харсангларга урила-урила, ахийри парланиб яна ҳавога – келган манзилинг томон кўтарилишдек гап.

Оила ташвишлари камлик қилган катта ҳамширанинг бўлимига янги раҳбар келди-ю, муаммолар янада кўпайди. Нафақага чиқай деб турганида ҳали у, ҳали бу ишидан камчилик топиб, бўлим бошлиғининг онаси тенги кишига қилаётган муомаласи унинг кўнглини бадтар хуфтон қилаётганди. Палатадаги беморларга тегишли муолажаларни қилиб бўлгач, очиқчасига гаплашиб олиш учун раҳбари билан юзлашди:

— ­Вақтингиз бўлса сиз билан бафуржа гаплашиб олмоқчи эдим.

Бўлим бошлиғи “опа”га – ҳамма унга бу ерда ана шундай деб мурожаат қиларди – бир пас разм солдида, сўнгра стулга ишора қилди:

—­ Ўтиринг, марҳамат.

Ходим стулга ўтиргач, секин гап бошлади:

— ­Менинг ишларимдан қониқмаяпсиз – кўриб турибман. Сизни ҳам тушунаман: зиммангизда оғир масъулият бор. Бироқ, нафақага чиқишимга кам қолди. Тинчгина ишлашимга рухсат беринг.

Қоғозларга жиддий алфозда термулиб турган бўлим бошлиғи бошини кўтариб, суҳбатдошига қараркан бирдан жилмайди:

— Мени нотўғри тушунибсиз чорғи, опа? Сизнинг тинчгина ишлашингизга рухат берадиган даражада катта одам эмасман. Мен ҳам сизга ўхшаб ўзимдан юқори раҳбарларга бўйсунаман, ҳисобот бераман. Ходимларни ўз вақтида-келиб кетишларига жавобгарман, ахир. Сиз қатори ким ишига беэътибор қараса ҳамма тушунтириш хати ёзаяпти-ку! Нима сизни безовта қилаяпти яна!

— Мен уни эслатмоқчи эмасдим. Унга эътирозим йўқ, ўзим айбдорман. Тан оламан. Фақат нафақагача ишламоқчиман, холос. Шуни айтмоқчи эдим. Нафақа чиққач Худо хоҳласа бир орзуйим бор. Шуни…

Бўлим бошлиғи суҳбатни ортиқча чўзиб ўтиришни истамади:

­— Опа, шифохонамизда яқинда нималар бўлганини яхши биласиз. Нотўғри муолажа сабаб бир бемор вафот этди. Бир нечта врачлар ишдан четлатилди. Бу кимнинг айби билан бўлди? Ҳамшираларнинг хатоси! Бўлим бошлиқларининг назоратни сусайтириб юборгани! Аслида мени безовта қилаётган сизнинг паришонхотирлингингиз! Катта тажрибага эгасиз, биламан. Аммо ишингизда ҳар бир нарасани рисоладагидек қилсангиз ким сизга гапиради?!

Аёлнинг айбини тан олишдан бошқа чораси қолмади. Кўзларига ёш оларкан, вужудини қалтироқ тутди. Бошлиғи унинг бу ҳолатини кўриб қаттиқ гапирганидан афсустланди:

— Бунинг сабабини яхши биламан, – мулойим овозда шундай дер экан уни тинчлантиришга уринди. — Оилангиздаги нотинчликлардан хабардорман. Лекин бизнинг ишимиз нозик. Айниқса ҳозирги пайтда беморлар билан муомала қилишнинг ўзи қийин бўлиб қолди. Озгина хатойингни топишса ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа югуришади. Аслида ҳам заррача хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Сиз татътилга чиқинг. Асабларингизни тинчлантиринг, дам олинг. Мен тиббиёт бирлашма бош шифокори билан гаплашаяпман. Сизга бирор енгилроқ иш топиб берамиз.

Бу гап оз бўлсада опага далда бўлди. Ич-ичидан севинаркан бошини силкиб, бўлим бошлиғига раҳмат айтди:

— ­Сизнинг қаттиққўлигингизни бошқача маънога йўйганим учун узр. Энди рухсат берсангиз борай.

Хона эгаси стол устидаги қоғозларни олиб, кўзойнагини тақди.

— ­Нима орзуйим бор дедингиз?, — деб қолди қўққисдан.

Эшикка қўл узатган опа тўхтаб, унга юзланди.

— Насиб бўлса Ҳаж зиёратига бормоқчиман. Йиғиб юрган пулларим бор. Озроқ етмайди. Нафақага чиқсам, сўнгра бемалол бориб-келсам бўлади.

Бу бўлим бошлиғи учун кутилмаган гап бўлди. Шу чоққача ходимларидан ҳол-аҳвол сўрамагани учун ўзини айбдор ҳам ҳис қилди.

— Э, шундай денг. Яратган ҳар биримизни ана шунай улуғ ибодатга етказсиз, — деди ва қўшиб қўйди. — Таътилга чиқиш учун аризангизни ёзиб келтиринг, опа.

***

Шамол очиқ деразадан шаҳар шовқини билан бирга хона ичига кираркан, ноутбук клавиатураси устида турган аллақандай чизмалар туширилган қоғозларни тўзитиб юборди. Нариги хонадан кириб келган ўғил қоғозларни йиғиштиришга тушди. Уларни рахлаб, портфели ичига солиб қўйди. Шу пайт уй қўнғироғи жиринглади. Онаси. “Бораяпман”, дея қўнғироқ қилганди.

Улар анчадан буён кўришишмаганди. Она ўғли қучиб, унинг дийдорига тўйиб-тўйиб олди. Меҳмонхонада суҳбат давом этди.

— ­Келин йўқми?

— Сал ўтиб келади. Сиз телефон қилишингиздан олдин онасиникига неварангизни олиб кетганди?

Қўзичоғини соғинган опа  уни роса кўргиси, эркалатгиси келаётганди. Ўғлининг гапидан сўнг, бир оз хомуш тортди.

­­— Ҳа майли ўзлари яхшими ишқилиб, ҳаммаларинг соғ-омонмисизлар?

— Биз-ку яхши она, аммо отам сизни қийнаётгандир?, — ўғил онасининг тиззасига бош қўйди. ­— Назаримда ҳамма хурсандчилик билан яшаяпти. Келишмовчилик фақат бизда бордек.

— Қўйсангчи, ўғлим, — она фарзандининг пешонасини силади. ­— Баъзиларга ўхшаб майиб-мажруҳ эмасмиз. Тани жонимиз соғ. Яратган Эгам бизга дард йўлиқтиргани йўқ — йўлиқтирмасин илойим. Нега зерикасан? Ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Ўзингда нима гап? Бирор яхши гапдан гапирангчи?

Орага сукут чўмди. Ўғил чуқур “уҳ” тортаркан, ўрнидан қўзғалиб дастурхон устига ул-бул келтириб қўйди.

— Сизга яхши янгилигим бор.

Бу гап онани севинтириб юбрди:

— Шундан бошламайсанми? Нима гап, болажоним!

­­— Ишхонамда менинг лавозимимни оширишди. Энди ўзим фаолият юритётган бўлимда раҳбарман.

Опа бу гапдан сўнг ўрнидан туриб, ўғлини яна бир бор қучиб, пешонасидан ўпди.

— Бошинг тошдан бўлсин, мартабанг бунданам улуғ бўлсин, болам. Қўл остингдаги одамларга зуғм қилма. Улар билан ҳамжиҳат ишласанг обрў-эътибор топасан. Шуни унутма.

— Насиб бўлса яқинда машина ҳам оламиз. Келинингиз билан тўйимиздан кейин йиғиб юрганимиз бор. Сизни Самарқанд, Бухороларга олиб бораман, она. Улуғ алломаларимиз ётган жойларни зиёрат қиламиз!

— Шу кунлар тезроқ келсин деб дуо қиламан ўғлим. Яратганга шукр. Ҳали энг бахтли кунларимиз олдинда.

Она-боланинг суҳбати узоққа чўзилди. Опанинг ичида неки ғубор бўлса ариди.

— Ёлғиз фарзанд бўлатуриб сизлардан айро яшаш мен учун оғир бўлаяпти. Балки, энди қайтарман?

Суҳбат яна оғриқли мавзуга қайтди.

— Келин нима деяпти?

— Унга қолса умуман қайтмоқчи эмас.

— Бир муддат шундай яшасангиз отангнинг ҳам, келиннинг ҳам ҳовури босилар деб ўйлагандим. Аммо, отанг энди келинидан кўра кўпроқ сендан ранжиган. Ҳарчанд орага ўзим тушганимни, менинг маслаҳатим билан уйдан чиқиб кетганингни айтмай, менга ишонмаяпти.

— Она, келинингиз кўнса кўнди, бўлмаса узоқ вақт бу ерда ­­- сизни отамнинг азобларига ташлаб, ёлғиз яшолмайман, уйга қайтаман!

— Отанг ва мен умримизни яшаб бўлдик. Сен оилангни ўйла. Отанг ҳар қанча ичмасин, жанжал қилмасиз менга сира қўл кўтармаган. Ўзинг биласан.

— Ҳақоратлар. Куракда турмайдиган гапларчи, она? Уларга ким ҳам чидарди?

— Отангнинг феъли шунақа. Мен бунга кўникиб бўлганман. Сен ўзингни ўйла. Хотинингни, норасида фарзандингни ўйла. Яна бир оз вақт ўтсин. Кўрамиз, отанг неварасиз яна қанча вақт чидаб юраркин?

Ўғил қайғу билан ерга қаради. Ҳаммаси яхши бўлишига умид боғлади. Опа бу ерга келишининг яна бир сабаби Ҳажга бораман деб тўплаган пулларини ишончлироқ жойда сақлаш эди. Сумкасидан газетага ўралган бир даста пулларни олиб, дастурхон устига қўйди.

­­— Ўғлим, биласан пайғамбаримизнинг қадами етган улуғ жойларни ­-   Каъбатиллони бориб кўриш азалий орзуйим. Пешона терим билан мисқоллаб йиған бу пулларни шунга атаганман. Отанг мендан сўроқсиз уйдаги нарсаларни олиб чиқиб кетадиган одат чиқарган. Бир кунмас-бир кун буларни ҳам топиб олмасин. Нафақага чиққунимча пуллар сенда турсин, дегандим.

— Отам сизни ҳам, уйни ҳам тамом қилади. Мен бунга қандай чидайман, она? — ўғил кўзига ёш олди.

— Чорасини топаман. Отангни бу йўлдан қайтараман. Хавотир олма, болам. Сен пулларни олгинда ишончлироқ жойда сақла. Келиндан яшириб ўтирма. Унга айт. Хотининг билан сенинг ўртангда сир бўлмасин.

Дарахт экансан-у, бироқ тақдирда бори кўкаради, нишона беради. Ўзинг учун бир енгиллик яратишга уринасан-у, кутилмаган  жойдан бу ўзингга ташвиш бўлиб қайтади. Баъзан, ҳаётда оддий ечимлар янада чигаллашиб, жумбоққа айланади.

Опа ҳам ҳозирги қарорининг оқибати ёмон бўлади деб, сира хаёлига келтирмаганди. Бир ғарам пул ўғли ва келини ўртасига совуқчилик олиб келиши унинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди.

***