Bosh sahifa Jamiyat Мутахассислар хулосаси: Навоий вилоятидаги бозорлар фаолияти талабга жавоб бермайди

Мутахассислар хулосаси: Навоий вилоятидаги бозорлар фаолияти талабга жавоб бермайди

0

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерасияси Навоий вилоят ҳудудий бирлашмаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси ва давлат санитария эпидемиология назорати маркази вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан бозорларимиздаги аҳвол жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб чиқилди.

Олиб борилган ўрганишлар давомида бозорлар ҳамда савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди. Жумладан, сотувчиларнинг белгиланган жойдан ташқарида ноқонуний, тиббий кўрикдан ўтмасдан фаолият олиб бориши, санитария-гигиена талабларига риоя қилмаслиги кузатилди. Бундан ташқари йиғимлар ва ижара тўловларнинг тўлиқ ундирилиши ҳамда банк кассалари орқали қабул қилинишини таъминлаш борасидаги муаммолар ҳам ҳамон ечимини топмаган.

 Навоий шаҳридаги марказий бозорга шаҳар ҳокимлиги нега беэтибор?

Биргина Навоий шаҳридаги «Саховат» МЧЖга қарашли Марказий деҳқон бозорида сотувчилар ва харидорлар учун қулайлик ҳамда шароит яратилмаган. Бу ерда 2016 йилда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган ҳашардан кейин зарур таъмирлаш-реконструкция ишлари олиб борилмаган. Бозор маъмурияти томонидан ҳудуднинг умумий тозалиги, сотувчиларнинг савдо қоидаларига риоя этиши устидан назорат бўшаштириб юборилган. Ўрганиш давомида нон, салат, ширинлик ва бошқа маҳсулотлар билан савдо қилаётган 400 нафарга яқин сотувчининг аксарияти махсус халатсиз экани аниқланди. Расталар орасининг нотозалигидан эса таъбингиз хира бўлади. Бу ҳаммаси эмас. Айниқса, ширинликлар сотиладиган қисмга ўтган киши йўлакларга чиқариб ташланган турли хил пишириқларнинг аксарияти кремли қандолат маҳсулотлари эканига гувоҳ бўлади. Ширинликларнинг салқин хонада ёки совутгичда сақланиши шарт бўлганда, куннинг иссиқлигига қарамай, кўчада, очиқ ҳавода бўлгани кишини ўйлантиради. Санитария-гигиена қоидаларига зид аҳвол ҳудуддаги ошхоналар мисолида янада яққол кўринади. Баъзи ошхоналарда таом тайёрлашу идиш-товоқларни ювиш ҳам битта хонада бажарилади. Камига ўша ерда офитсиант ва ошпазнинг кийимлари ҳам илинган турганини қандай изоҳлаш мумкин? Тадбиркорлар фақат даромад топиш эмас, балки халққа сифатли хизмат кўрсатиш ҳақида ҳам жиддий фикрлашса, яхши бўларди. Очиғи, баъзи кичик овқатланиш шохобчаларининг нотозалигидан киришга ҳам уяласан, киши.

— Марказий бозор кўринишини жуда хунук манзарага олиб келаётган ошхоналар масаласи ҳамон долзарб бўлиб қоляпти, — дейди вилоят давлат санитария-епидемиология назорати маркази мутахассиси А. Турсунов. — Бозор ошхоналаридаги тартибсизликлар, мижозларга кўрсатилаётган паст савиядаги хизматлар, доимий эътирозларга қатъий барҳам бериш чораси кўрилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Сабаби Марказий деҳқон бозоридаги 10 дан ортиқ ошхона нафақат бозорнинг ҳаттоки, Навоий шаҳрининг кўркамлигига путур етказиб турибди. Вилоятимизда ички ва ташқи туризм ривожланиб, меҳмонлар сони кўпаяётган бир пайтда бундай ошхоналарнинг фаолият юритиши ҳеч бир қолипга тўғри келмайди. Ўрганишлар давомида тадбиркорларга бир неча бор огоҳлантириш беряпмиз. Лекин барибир аҳвол бутунлай ўзгаргани йўқ.

1529232693_dsc_0746

Мутахассиснинг таъкидлашича, вазиятни тубдан ўзгартириш мақсадида вилоят ДСEНМ томонидан бу каби салбий ва ноқонуний ҳолатлар юзасидан ваколатли идора ва ташкилотлар хулосаси асосида бу ошхоналарни тугатиш, савдо дўкони мақомига қайтариш масаласини кўриб чиқиш учун Навоий шаҳар ҳокимлигига бир неча бор ёзма мурожаат қилинган бўлсада, масала ўз ечимини топмай келмоқда. Бунга барҳам беришда назорат тадбирларини кўпайтириш, бозор кўркамлигига путур етказаётганларга нисбатан таъсирчан чораларни кўриш лозим.

 Туманларда аҳвол қандай?

Тозалик ва бошқа камчиликлар борасида туманлардаги аҳвол ҳам қониқарли эмас. Жумладан, Кармана тумани бозори ҳудудида чиқиндилар тўпланиб, ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаган бўлса, Хатирчи, Нуротадаги марказий деҳқон бозорларининг юриш йўлаклари таъмирталаб, асфалтланмаган. Хатирчининг «Найман» маҳалласи ҳудудида 750 нафар тадбиркор фаолият кўрсатаётган ноқонуний бозор бўлиб, бу ҳудуддаги энг катта бозорлардан саналади. Ўрганиш давомида сотувчиларнинг аксариятида савдо қилиш учун бирор бир ҳужжат йўқлиги аниқланди. Бу ердаги вазият ҳам дилни хира қилади: савдо расталари турли ёғоч, темир бўлакларидан тартибсиз ясалган, озиқ-овқат маҳсулотлари кўчада санитария-гигиена қоидаларига зид ҳолда сотилмоқда. Ачинарлиси, маҳсулотнинг қуёш нурида айниб сифатини йўқотиши ёки чанг иниб, истеъмолга яроқсиз ҳолга келиши на сотувчи, на харидорни ўйлантираётгани йўқ. Чунки туман марказидаги бозор олис бўлгани учун ҳам маҳалладагилар яқиндаги савдо ҳудудига боришни афзал билишади. Ҳудуддаги аҳвол эса талабга жавоб бермайди. Ўйлаб қоласан киши, аҳолига қулайлик яратаман деб ҳеч бир шароитга эга бўлмаган, тозалик ва сифатга аҳамият қаратилмаган ҳолда бозорни ишга тушириш қанчалик халқпарварликка киради? Гигиена қоидаларига зид тарзда ўндан ортиқ умумий овқатланиш шохобчалари ишлаб турибди. Бундай ҳолатда овқатланган мижознинг саломатлигига ҳеч қандай зарар етмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди.

Шу ўринда яна бир жиҳат. Бозорлар фаолиятини тартибга солишда ветеринария-експертиза лабораторияларини жиҳозлаш, замонавий, тезкор ва юқори аниқликка эга ускуналар билан таъминлаш назарда тутилган. Лекин вилоятимиздаги қатор бозорларда ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари ўз биносига эга эмас, мутахассислар ижарага олинган хоналарда ноқулай шароитда ишламоқда. Оқибатда маҳсулотларни текширув билан тўлиқ қамраб олиш, натижалар билан тезкор ишлаш ва ветеринария профилактик тадбирларини амалга ошириш имкони чекланиб қолмоқда.
Юртимиз кундан кунга чирой очиб, ҳар томонлама тараққий этиб бормоқда. Улкан бунёдкорликлар, йирик лойиҳалар амалга оширилаётир. Демакки, бозорларимизни ҳам талаб даражасига келтириш, улардаги камчиликларга нуқта қўйиш вақти етди. Умид қиламизки, тегишли мутасадди ташкилотлар ва тадбиркорлар мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш чораларини кўришади. Зеро, юқорида таъкидлаганимиздек, бозорлар халқимизнинг юзи экан, улар шунга муносиб обод, файзли ва кўркам манзилга айланиши лозим.

Зулфия БОБОЕВА,
«Дўстлик байроғи» назетаси мухбири.